Apple янгиланган MacBook Air, Mac mini, iPad Pro ва iOS 12.1’ни тақдим этди (+видеолар)

  •   DiMaX
  •  439
  •  31.10.2018 10:37

Apple янгиланган MacBook Air, Mac mini, iPad Pro ва iOS 12.1’ни тақдим этди (+видеолар)

Купертинолик корпорация 2018 йилнинг 30 октябрида ўзининг анъанавий кузги иккинчи матбуот анжуманини ўтказди. Унда Apple бир қатор янги гаджетларини ҳамда iOS 12.1 операцион тизим талқинини расман намойиш қилди.

ЎҚИНГ: Apple кечагина буклама iPhone учун патент олди

Қуйида янги тақдим этилган маҳсулотларнинг ҳар бирига қисқача тўхталиб ўтамиз.

MacBook Air

Янги авлод MacBook Air ноутбуки қайта ишланган алюминий корпусда тақдим этилмоқда. Унинг диагоналига 13,3 дюймлик Retina-дисплейи юпқа ромларга эга. Мазкур девайс Touch ID бармоқ изи сканери, саккизинчи авлод Intel Core i5 процессори, 16 гигабайтгача ҳажмли тезкор хотира ҳамда 1,5 терабайтгача ҳажмли SSD-сақлагичга эга.

Мана, ноутбук ҳақидаги Apple тайёрлаган видеолавҳани томоша қиламиз:

Ўтган йилги моделлардан фарқли равишда, янги MacBook Air корпусининг ўлчамлари 17 фоизга ихчамроқ ва 10 фоизга қалинроқ (15,6 мм), шунингдек енгилроқ (1,24 кг). Лекин нархи ошган – 1199 доллардан бошланади. Очиқ савдога у 7 ноябрдан чиқарилади, олдиндан буюртма олиш эса аллақачон бошланган.

Mac mini

Apple ўзининг стол компьютерини 2014 йилдан бери илк бора янгилади, шу боис ҳам унда ўзгаришлар анча катта. Тўртинчи авлод тўрт ядроли чип ўрнига саккизинчи авлод Intel Core процессорлари қўлланган – тўрт ядроли Core i3’дан бошлаб то олти ядроли Core i7’гача. Унда графика қуввати 60 фоизга, умумий самарадорлик эса – нақ беш бараваргача оширилган!

Mac mini ҳақидаги расмий видеолавҳани кўрамиз:

Янгиланган Mac mini алюминий корпусга, 64 гигабайтгача тезкор хотирага ва 2 терабайтгача SSD-хотирага эга. Унда Ethernet-порт, шунингдек Thunderbolt 3, HDMI ҳамда USB портлари мавжуд. Янги компьютер ҳам ноутбук билан бир кунда – 7 ноябрда, 800 доллардан бошланувчи нархларда сотувга чиқади.

iPad Pro

Apple бу гал бирйўла иккита моделдаги янги планшетини тақдим этди: 11 ҳамда 12,9 дюймлик iPad Pro’лар. Булардан биринчисида ромларни юпқалаштириш эвазига корпуснинг умумий ўлчами аввалги авлод планшетдаги каби қолган. Иккинчисининг корпуси эса ўз «аждод»идагига кўра сал ихчамлашган; ҳар иккала моделдаги планшетнинг корпуси қалинлиги 5,9 мммиллиметрга тенг.

iPad Pro’ларнинг иккала моделида ҳам Liquid Retina-дисплей қўлланган, аммо аввал тахмин қилинганидек экранлари «кемтик»ли эмас. Ромдаги TrueDepth камералар тизими орқали Face ID қиёфа сканери мавжуд, лекин «Уйга» тугмачасидан ҳамда бармоқ изи сканеридан маҳрум этилган.

Мана, ўзингиз томоша қилинг-да:

Планшетлар Apple Bionic A12X процессорига ҳамда 1 терабайтгача ҳажмли доимий хотирага эга. Apple маҳсулотлари учун анъанавий бўлган Lightning ўрнига замонавий ва кенг оммалашган USB-C порти қўлланган. iPad Pro’лар янгиланган Pencil 2 стилуси билан ҳам «келишиб» ишлайди. Мазкур аксессуар планшет коропусига магнитланиб ёпишади ва шу тарзда қувват олади.

Ҳар иккала ўлчамли планшет 12 мегапикселлик (f/1.8) асосий ҳамда 7 мегапикселлик (f/2.2) олд камерага эга. 11 дюймлик iPad Pro нархи 800 доллардан, 12,9 дюймлиги эса – 1000 доллардан бошланади, улар ҳам 7 ноябрдан савдога чиқади.

iOS 12.1

Шунингдек, маросимда Apple ўз операцион тизимининг янги талқини – iOS 12.1 чиқарилаётганини ҳам эълон қилди. Мазкур апдейтнинг тарқатилиши тақдимот маросимидан кейиноқ бошланган.

Янги талқиндаги операцион тизим рақамли eSIM-картани қўллаб-қувватлайди. FaceTime орқали бир вақтнинг ўзида 32 нафаргача иштирокчи ўзаро видео ёки овозли қўнғироқлаша олади. iPhone XS ҳамда XS Max моделларида селфи олганда юзни силлиқлаш муаммолари бартараф этилган. Яна нақ 70 та янги эмодзи жорий этилган – демак, ўз iPhone’ингизни янгилашга арзийди!

Apple тақдимотининг якуний қисмига хонанда Лана Дель Рей таклиф этилган.

ЎҚИНГ: Етти яшар болакай iOS 12 тизимли iPhone’ни лақиллатди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!