Apple ёки Sony: жаҳоннинг энг кучли смартфонлари куч синашди

Apple ёки Sony: жаҳоннинг энг кучли смартфонлари куч синашди

Apple'нинг iPhone X флагмани айни пайтда жаҳоннинг энг кучли смартфонлари қаторида туради. Нархи, дизайни, ўзига хос айрим жиҳатлари бўйича у рақибларини ер тишлата олади.

Юртимиздаги Apple ишқибозлари бу смартфон учун камида 8 498 000 сўм сарф қилишлари керак бўлади. Бироқ бу пулдан ҳам камроғига яхши смартфон моделларидан харид қилиш мумкин. Мисол учун, япониялик Sony'нинг яп-янги Xperia XZ2 флагмани кучли процессори ва нисбатан замонавийроқ дизайни билан кўзни олади. Нарх борасидаги фарқ ҳам 400 АҚШ долларигача.

Хўш, унда iPhone X олиш керакми ёки Xperia XZ2? Қуйида шу саволга жавоб топишга уриниб кўрамиз.

Дизайн: Муҳим фарқлар

Ҳар иккаласи ҳам кучли флагманлар бўлган гаджетлар: улар металл ва шиша уйғунлигида тайёрланган, яъни корпус олди ва орқасини шиша панеллар маҳкамлаб турибди. XZ2 учун алюминий, iPhone X учун пўлат танланган.

XZ2 бир қарашда Android смартфонларни эслатиб юборади. Айниқса, олд томондан уни Pixel 2 XL моделига ўхшатиш мумкин. Фақат экран каттароқ ва ёнлари бир оз қайрилма. Xperia XZ2 корпуси алюминий синч билан ўраб олинган ва дисплей 3D шаклига эга Corning Gorilla Glass ҳимоя шишаси билан қопланган.

Apple iPhone X олд панели юқорисида кесиқ ёки ўйиқ ҳудуд бўлса ҳам, унинг олд панели мафтункор даражада ишланган. Олд панел деярли экрандан иборат. iPhone X бозордаги хушсуратлардан бири эканига шубҳа йўқ.

Экран: Сифат учун кураш

Экранларнинг пиксел сиғими у қадар ҳам фарқли эмас, Apple флагмани бир оз устунроқ: iPhone X экранининг пиксели  2436x1125 та белгига, Xperia XZ2 экранининг пиксели 2160x1080 та белгига тенг.

5.8 дюймли iPhone X экрани OLED панелли ҳамда Samsung маҳсулоти. Биласиз, бундай панеллар нисбатан қиммат ва илғор. Яъни, ранглар ўртасидаги қарама-қаришилк юқори ва экран ёрқин бўлади. Юпқа ҳошияли дизайн эса экранни оломс каби товланишига сбаба бўлган.

Sony Xperia XZ2'нинг 5.7 дюймли экрани 18:9 нисбатли ўлчамда ишлангани боис, бир оз новчароқ. Ва бу LCD матрицали. iPhone X экранидан бу экраннинг устунлиги бор - у HD сиғимли видеоларни HDR стандартли қилиб намойиш қилади.

Шундай бўлса ҳам, экран борасида iPhone X яққол устун.

Камера: Ким кучли?

iPhone X Apple'нинг энг яхши камерафони. Apple iPhone X 2 та 12 мегапикселли сенсорлари билан кучли бош камерага эга бўлган. Бош камерадаги ҳар иккала сенсор оптик барқарорлаштириш функциясига эга бўлган. Катта ва тезкор сенсорлар ёрқин сурат олади.

Sony'нинг 19 мегапикселли бош сенсорининг апертураси f/2.0 стандартида. Яъни, рақибидан анча паст. Бош камера фазали аниқлаш, лазерли автофокус, LED фоточақноқ, гибрид автофокус, 5 ўқли барқарорлаштириш каби функцияларга эга. Унда 4K сиғимли HDR видео тасвирга олиш мумкин. Бироқ, оптик барқарорлаштириш функцияси йўқлиги туфайли ёруғлик паст шароитда унда яхши сурат олиб бўлмайди.

Xperia XZ2 камерасининг устунлиги бор - таассуротли секинлаштирилган видео суратга олади. Бош камера ҳар секундда 960 та кадр муҳрлайди. iPhone X эса бор-йўғи 240 та.

Xperia XZ2’нинг 5 мегапикселли олд камераси Sony’нинг 3D модел сканерлаш технологияси ёрдамида фойдаланувчи қиёфасининг виртуал образини яратиши мумкин.

Самарадорлик

Sony'нинг смартфони энг сўнгги ва кучли Android процессорга эга бўлган. Snapdragon 845 аввалги чипдан ҳам кучлироқ. 4 гигабайтли тезкор хотира эса имкониятни янада оширади.

Бироқ Apple'нинг A11 Bionic чипи устунлигича қолмоқда. Мисол учун, Geekbench бенчмаркида Apple'нинг A11 Bionic чипи 10,375 балл, Snapdragon 845 чипсети 8,409 балл тўплаган.

Бунинг сабаби Apple катта ҳажмли кремний чиплардан фойдаланади. Улар рақибидан икки баробар катта. Нархни ушлаб туриш учун Apple уларни ўзи ишлаб чиқаради.

Шундай бўлса ҳам, Xperia XZ2 процессори ҳам самарадор ва юқори имкониятли.

Аккумулятор ва бош жиҳатлар

Apple'нинг iPhone X смартфони 2,716 мА соат сиғимли аккумуляторга эга бўлган. Xperia XZ2 бир оз каттароқ  3,180 мА соат ток сиғимли батарея билан таъминланган. Уларни симсиз ва тезкор қувватлаш мумкин. Бу борада япониялик устун.

iPhone X моделининг энг кичик талқини 64 гигабайтли, энг юқори талқини 256 гигабайтли. XZ2 учун 64 гигабайтли доимий хотира танланган. microSD орқали доимий хотирани 400 гигабайтгача катталаштириш мумкин.

iPhone X олд панелидаги TrueDepth сенсори чинакам технологик мўъжиза! Face ID тизими жуда мураккаб ва қулай. Sony эса хавфсизлик борасида бармоқ изи сканеридан нарига ўта олмаган.

Xperia XZ2 модели Hi-Fi аудио технологияси ва Qualcomm’нинг aptX HD чипига эга бўлган ва стерео динамиклар овозни “S Force” технологияси бўйича 20 фоизга яхшилаб беради.

Хулоса

iPhone X нисбатан ҳашамдор смартфон. Xperia XZ2 дизайни эса анъанавий. Имкониятлар борасида ҳам асосан айфон устун.

Бироқ, нарх борасида Xperia XZ2 устун. Айрим бозорларда орадаги фарқ 400 АҚШ долларигача. Xperia XZ2 модели ҳам қатор технологик янгиликлар билан таъминланган.

Доимгидек, сўнгги танловни сизнинг ихтиёрингизда қолдирамиз!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!