Apple’дан ҳам аввал Samsung хасисликни бошлади: Galaxy Note 20 қадоғидан муҳим аксессуарни олиб қолишяпти!

  •   DiMaX
  •  1334
  •  18.08.2020 12:06

Apple’дан ҳам аввал Samsung хасисликни бошлади: Galaxy Note 20 қадоғидан муҳим аксессуарни олиб қолишяпти!

Купертинолик корпорация iPhone 12’лар қадоғидан оддий – симли EarPods қулоқчинини олиб ташлаётгани ҳақида ёзган эдик. Лекин Apple зиқналиги ҳали бу билан ҳам тугамас экан – айфонлар жамланмасида қувватлаш адаптери бўлмас экан ва Apple’нинг ўзи бошқача йўл билан тасдиқлаган.

ЎҚИНГ: Инсайдер қулоқчинсиз ва қувватлагичсиз iPhone 12 қадоғини видеода кўрсатди

Ушбу зиқналикка Samsung ҳам эргашиб, янги смартфонлар қадоғига зарядник қўшмаслиги ҳақида хабар берган эдик. Лекин жанубий кореяликлр хасисликни аллақачон – яқинда намойиш қилинган фаблетлариданоқ бошлаб юборишибди!

Маълум бўлишича, Шимолий Америка бозорига мўлжалланган Galaxy Note 20 ҳамда Galaxy Note 20 Ultra смартфонлари жамланмасида қулоқчин бўлмайди. Айтиш керакки, Samsung шу пайтгача ўзининг флагман телефонлари қадоғига AKG қулоқчинларини ҳам солиб бераётган эди. Энди эса харидорлар учун одатий бўлиб қолган мазкур аксессур жамланмада бўлмайди.

ЎҚИНГ: Galaxy Note 20’да аллақачон нуқсон чиқа бошлади!

Samsung ҳам буни тасдиқлаган ва унинг эълон қилишича, агар Шимолий Америкадаги харидорларга AKG қулоқчини чиндан зарур бўлса, уни мутлақо бепул жўнатади. Бунинг учун харидор Samsung сервис марказига мурожаат этиши ва Galaxy Note 20 харид қилганини тасдиқлаши кифоя.

Афсуски, AKG қулоқчинини бепул бериш таклифи фақатгина Шимолий Америка ҳудудидаги, айнан Galaxy Note 20 ёки Note 20 Ultra сотиб олган харидорлар учун амал қилади. Бошқалар эса уни алоҳида, нақ 30 долларга ўзлари харид қилишларига тўғри келади.

Galaxy Note 20 туркумидаги планшетофонлар жамланмасидан нега AKG қулоқчини олиб ташланяпти? Samsung баёнотига кўра, Шимолий Америкадаги флагман смартфонлар харидорлари одатда Bluetooth-қулоқчинларни танлашади. Статистикага қараганда, симли қулоқчинларни қўллаш ҳолатлари мунтазам пасайиб бормоқда, шу боисдан уларни смартфон қадоғидан олиб ташлашга қарор қилишган.

ЎҚИНГ: Galaxy Note 20 ҳали сотувга чиқмасданоқ бултурги Galaxy Note 10’га мағлуб бўлди!