Apple’дан ҳам аввал «хитойча iPhone 12 Pro»ни тақдим этишяпти!

  •   DiMaX
  •  1437
  •  16.09.2020 12:51

Apple’дан ҳам аввал «хитойча iPhone 12 Pro»ни тақдим этишяпти!

Купертинолик корпорация 15 сентябрь куни ўзининг бир қатор янги маҳсулотларини намойиш қилди. Лекин фанатлар кутаётган iPhone 12 туркумидаги смартфонлар унда кўрсатилмади.

ЎҚИНГ: ЭКСКЛЮЗИВ: iPhone 12’ни биринчи марта «жонли» видеода ишлатиб кўрсатишди!

Етакчи гаджетларни клонлаштириш бўйича устаси фаранг хитойликлар эса аллақачон iPhone 12 Pro моделининг хитойча нусхасини тайёрлаб улгуришди. Бу – унча танилмаган Goophone компаниясининг GooPhone 12 Pro русумли смартфонидир.

Компания бу моделида Apple iPhone 12 Pro флагманининг номи ва орқа панели дизайнига эргашгани кўриниб турибди. Умуман олганда, мазкур ишлаб чиқарувчи аввал ҳам турли русумлардаги iPhone ҳамда Samsung Galaxy телефонларига ўхшаша моделларни кўп чиқарган. Унинг телефонларида одатда MediaTek компаниясининг арзон процессорлари қўлланади.

Goophone 12 Pro смартфонига қайтадиган бўлсак, унинг квадрокамераси 48, 13, 5 ҳамда 2 мегапикселлик датчикларни ўз ичига олган. Улар билан бирга квадрат шаклидаги камера блоги марказида фоточақноқ ҳам ўрин олган – худди iPhone 12 Pro рендерларидаги каби.

Лекин «хитойча iPhone 12 Pro»нинг олд томони купертиноликларнинг смартфонларига ўхшамайди. GooPhone унда 6,7 дюймлик, AMOLED матрицали FHD+ дисплей қўллаган. Экраннинг юқори чап бурчагида эса 13 мегапикселлик селфи-камера учун тирқиш ўйилган. Реклама рендерида дисплей ромлари ингичка қилиб кўрсатилган бўлса-да, аслида улар бирмунча қалин.

GooPhone 12 Pro моделининг «ички дунёси»га келганда компания зиқналик қилмаяпти. Бу смартфон тайванлик чипсознинг флагмани – MediaTek Dimensity 1000+ процессори базасида ишлайди. Шунингдек, унда ҳажми 8 гигабайтлик, LPDDR4x туридаги тезкор ҳамда 128 гигабайтлик, UFS 3.0 стандартли доимий хотира қўлланяпти.

Ишаб чиқарувчи бу смартфонини тез кунларда тақдим қилишга ваъда берган, аммо нархини ҳозирча айтмаяпти. Балки расмий намойишидан сўнг уни Aliexpress каби онлайн дўконларга ҳам чиқаришар, бизни кузатишда давом этинг.

ЎҚИНГ: Божхоначилар икки мингта «қалбаки Apple AirPods»ни қўлга олиб, ўзлари шарманда бўлишди!

 

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!