Apple’дан ўрнак олиб, Samsung ҳам смартфонлар қутисидан зарядникни олиб ташлайди!

  •   DiMaX
  •  1032
  •  10.07.2020 08:45

Apple’дан ўрнак олиб, Samsung ҳам смартфонлар қутисидан зарядникни олиб ташлайди!

Купертинолик корпорация кузда тақдим этиладиган смартфонлари жамланмасидан симли EarPods қулоқчинини олиб ташлаётгани ҳақида ёзган эдик. Кейин эса янги айфонлар қадоғида қувватлаш ускунаси ҳам бўлмаслиги маълум қилинди.

ЎҚИНГ: iPhone’лар қутисидан зарядникни олиб ташлаётганини Apple’нинг ўзи ҳам тасдиқлади

Энди бўлса Samsung ҳам ундан ибрат олиб, янги смартфонлар қадоғига зарядник қўшмаслиги ҳақида миш-мишлар чиқа бошлади. Жанубий Кореядаги манбаларнинг хабар қилишича, бунда фақат қувватлаш адаптеридан воз кечилади, USB-кабель эса қутида бўлади.

Шу билан бирга, барча русумлардаги Samsung смартфонларидан бирданига қувватлагич олиб ташланмайди. Компания ҳали келаси йилда буни айрим моделларида синаб кўради, лекин айнан қайсиларида эканлиги ҳозирча номаълум.

Samsung’нинг бу борадаги аргументлари ҳам Apple’ники билан бир хил: атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ресурсларни тежаш ва ортиқча қувватлаш мосламаларидан халос бўлиш. Ахир, кўпчиликнинг уйида эски гаджетларнинг ҳали ишлатса бўладиган адаптерлари бор-ку. Керак бўлса, яна қўшимча харид қилиш ҳам мумкин.

Агарда ўз смартфонларининг лоақал ярмида зарядникдан воз кечса, Samsung нафақат атроф-муҳит ҳимоясига ҳисса қўшади, балки анчагина маблағни тежайди ҳам.

ЎҚИНГ: Смартфон ва ноутбукни нотўғри қувватлаяпсиз, буни биласизми?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.