Apple'дан ортда қолган номард! – Samsung

Apple'дан ортда қолган номард! – Samsung

Samsung компанияси ўзининг навбатдаги Galaxy флагман смартфонларини тақдим қилишига бармоқ билан саноқли ойлар қолмоқда, шу билан бирга, Интернетда бўлажак улар ҳақидаги миш-мишлар ҳам авж оляпти. Сўнгги янгиликларга қараганда, Жанубий Корея компанияси ўзининг янги авлод Galaxy'ларига сунъий йўлдошга уланиш хусусиятини қўшадиган кўринади.

Айтиш керакки, жорий йилнинг сентабр ойида Apple компанияси (Global Star билан биргаликда) ўзининг янги iPhone 14 смартфонларини сунъий йўлдошга уланиши функцияси билан чиқарган эди. Жанубий Кореядан Electronic Times Internet нашрининг хабар беришича, Samsung ҳам купертиноликлардан ортда қолмаслик учун ўзининг янги авлод Galaxy флагман смартфонларини ана шундай хусусият билан "сийлайди". Афтидан, Samsung'нинг бу борадаги ҳамкори 66 та паст орбитали алоқа сунъий йўлдошларига эга бўлган Iridium компанияси бўлади. Бунда Samsung смартфонларида бу хусусият Apple'нинг "фавқулодда ҳолатлар"идан кўра кўпроқ имкониятларга эга бўлади: Galaxy S23 сунъий йўлдошга уланганида у билан матнли хабарлар ва юзлаб кб/секунд тезликда паст сиғимли тасвирларни улашиш мумкин бўлиши айтилмоқда.

Гарчи Samsung ўзининг янги смартфонларини сунъий йўлдошга уланиш билан чиқарса ҳам, у буни Android телефонларга қўшган биринчи компания бўла олмайди ёхуд Huawei (Beidu билан бирга) нафақат Samsung, балки Apple'дан ҳам аввал ўзининг Mate 50 смартфонларини худди шундай функция билан чиқарган эди.

Apple ва Huawei смартфонлари аллақачон сунъий йўлдошга улана олишини ҳисобга олсак, Samsung ўзининг бундай хусусиятга эга смартфонини 2023 йилнинг феврал ойи бошида чиқарилиши кутилаётган Galaxy S23 смартфонлари билан тақдим қилади. Функциянинг ўзи эса кейинги йил давомида ишга туширилиши мумкин.

ЎҚИНГ: Honor 80 Pro – динамик оролга эга навбатдаги Android смартфон

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!