Apple'ни яна судга беришди

Apple'ни яна судга беришди

Кутилмаганда, Cydia иловалар дўкони асосчиси Жей Фриман iOS қурилмаларига иловалар етказиб бериш борасида Apple ва унинг App Store'ига қарши антимонопол даъво билан судга мурожаат қилди.

Даъводан кўзланган мақсад фойдаланувчи ва дастурчиларга дастурий таъминот ва тўловлар борасида App Store муқобилини тақдим қилишдир.

Cydia, шунингдек, Apple билан ҳалол рақобатга киришиб, купертиноликлар етказган улкан зарарни бартараф қилишни кўзлаган шахсларга iOS бозорининг очиб берилишини хоҳламоқда.

Маълумот учун, Cydia 2007 йилда (App Store'дан бир йил олдин) очилган ва жейлбрейкинг қилинган iPhone'ларга дастурий таъминот етказиб берувчи стандарт хаб бўлиб хизмат қилган. Келаси йили, Apple ўзининг App Store'ини тақдим қилиб, Cydia ва жейлбрейкинг амалиётига қарши ҳуқуқий кураш бошлаган.

Ҳозирга қадар, жейлбрейкинг амалиёти техник жиҳатдан ноқонуний эмас, бироқ App Store'дан бошқа манзилдан илова юкласангиз, Apple'нинг кафолат шартларини бузган ҳисобланасиз. Даъво аризасида таъкидланишича, Apple атайин Cydia'нинг рақобатига чек қўйган.

«Агар Apple ноқонуний монополияни қўллаб-қувватламаганида ва антиконкурент бўлмаганида, бугунги кунда фойдаланувчилар iOS дастурларини қандай ва қаердан топишни, олишни танлашлари мумкин эди. Ишлаб чиқувчилар эса ўзлари хоҳлаган iOS дистрибюторидан фойдаланишлари мумкин эди», дейди компания.

Cydia 2018 йилнинг декабрида харид қилиш механизмини тўхтатган. Компаниянинг даъвосидан бир неча ой олдин Epic Games Apple'нинг App Store'ининг антиконкурент ва монополист амалиётларига қарши даъво қилганди.

P.S. Жейлбрейкинг (инг. Jailbreak — «Қамоқдан қочиш») — Apple томонидан расмий қўллаб-қувватланмайдиган операция бўлиб, бу йўл билан қурилманинг файл тизимига дастурлар учун рухсат очилади. Масалан, App Store'дан ташқари бошқа жойлардан дастурлар ёзиш имкони пайдо бўлади.

ЎҚИНГ: Apple ва Facebook ўзаро жанжаллашмоқда