"Ақлли камера"ли Redmi 6 тақдим қилинди

Xiaomi бир неча дақиқалар аввал Хитойда Redmi 6A ҳамда Redmi 6 смартфонларини тақдим қилди. 18:9 ўлчамли дисплейга эга девайсларнинг бош камераси қўш сенсордан иборат.

Xiaomi Redmi 6 модели 5.45 дюймли экран билан таъминланган. Унинг пикселлар сиғими қувонарли -- HD Plus! Экраннинг томонлар нисбати 18:9 ўлчамли.

Смартфон MediaTek компаниясининг Helio P22 процессорига эга бўлган. Ушбу чипсет жорий йилнинг май ойида тақдим қилинган эди. Ўрта имкониятли мобил қурилмаларга мўлжалланган чипсетга 8 та Cortex-A53 ядролари ўрнатилган. Маълумотларни 12 нанометрли техник жараёнда қайта ишлайдиган мазкур процессорнинг частота интервали 2.0 Ггц. Яъни, унинг имкониятлари бизга яхши таниш Snapdragon 625 ҳамда Kirin 659 каби рақиблариники билан бир хил.

Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, авваллари арзон смартфонларда 28 нанометрли процессорлардан фойдаланилар эди. Янги ҳамёнбоплар эса 12 нанометрли чипга эга бўлишган. Натижада, уларнинг самарали ишлаши 48% га ошган.

Xiaomi Redmi 6 девайсининг 3 ёки 4 гигабайтли тезкор ҳамда 32 ёки 64 гигабайтли доимий хотира талқинлари ишлаб чиқарилади.

Бош камера учун 12 ҳамда 5 мегапикселли датчиклар танланган. Олд камера аниқлиги эса 5 мегапикселли. Сўнгги Redmi телефонлари каби, Xiaomi Redmi 6 камераси ҳам Artificial Intelligence (AI), яъни "сунъий ақл" технологиясига эга бўлган. Бу эса унда яхши суратлар олиш имконини беради. Смартфон "facial recognition" функцияси билан таъминланган, яъни олд камера фойдаланувчи юзини текширувдан ўтказиб, тизимни очади.

Бош камерага хос ўзига хосликлардан яна бири шуки, уни бирор буюмга қаратсангиз, камеранинг "ақлли" тизими мазкур объект тўғрисида маълумот ҳам беради. Бундай технология "ақлли таниш" деб номланган. Google Lens ҳам айнан шундай технологиялардан бири.

Смартфон куч-қуввати учун электр токи сиғими 3000 мА соат бўлган аккумулятор масъул.

Xiaomi’нинг телефонларидаги ёрдамчи ҳам ниҳоят янги тилларни ўрганибди. Мисол учун, матнларни Xiao Ai инглиз, француз, япон, корейс, немис, испан ҳамда ҳинд тилларидан хитой тилига таржима қилади. Xiao Ai ёрдамчиси, шунингдек сохта SMS хабарларни, спамларни ҳам танийди, фойдаланувчини улардан ҳимоя қилади. "Xiao Ai" номли овозли ёрдамчи энди ўсимликларни, транспорт воситалари, атроф-муҳитни англайди ва нархларни ҳам таққослай олади.

Xiaomi Redmi 6 техник жиҳатлар:

Экран: 5.45 дюймли, HD+ (1440 × 720 пикселли), 18:9 ўлчамли, 2.5D қайрилма шишаси билан қопланган;
Процессор: 2 Ггц, 8 ядроли MediaTek Helio P22 (MT6762), 12 нанометрли техник жараён;
Видеокарта: IMG PowerVR GE8320, 650 MHz;
Хотира: 3 Гб тезкор ва 32 Гб доимий ёки 4 Гб тезкор ва 64 Гб доимий, microSD орқали 128 гигабайтгача катталаштириш мумкин;
Операцион тизим: Android 8.1 (Oreo)'нинг ўзлаштирилган MIUI 9 талқини;
Сим-карта: қўш;
Камера: бош камера - 12 ва 5 мегапикселли сенсорлардан иборат, LED фоточақноққ эга, 1.25μm пиксел ўлчамли сурат олади. Олд камера - 5 мегапикселли;
Сенсорлар: бармоқ изи сканери, инфра-қизил модул;
Ўлчамлари: 147.46×71.49×8.3 мм; Вазни: 146 грамм;
Алоқа имкониятлари: 4G VoLTE, WiFi 802.11 ac (2.4GHz / 5GHz), Bluetooth 5, GPS;
Аккумулятор: 3000 мА соат.

Ўқинг: Mi8 SE Antutu'да илк бор синовдан ўтди

Xiaomi Redmi 6 моделининг 3 гигабайтли тезкор хотирага эга талқини 125 АҚШ долларидан, 4 гигабайтли тезкор ҳамда 64 гигабайтли доимий хотирага эга талқини 155 доллардан сотувга чиқарилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!