Ақлли колонка эмас: Nothing ўзининг янги авлод симсиз қулоқчинларини тақдим қилди!

Ақлли колонка эмас: Nothing ўзининг янги авлод симсиз қулоқчинларини тақдим қилди!

Яқинда Nothing компанияси ўзининг янги маҳсулотини тақдим қилиши ва у ақлли колонка бўлиши ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Бироқ, эндиликда маълум бўлишича, бу компаниянинг янги авлод симсиз қулоқчлари – ear (2) эканлиги маълум бўлди.

Технология мавзусида видеолар чиқарадиган таниқли YouTuber'ларга тақлид қилган ҳолда қизиқарли қилиб тайёрланган ear (2) тақдимоти давомида Nothing раҳбари, Карл Пей, ўзларининг янги қулоқчларини ишлаб чиқаришда асосий эътибор овоз сифатига қаратилганлигини таъкидлайди. Бунинг учун улар бу сафар тайёр драйверлардан эмас, балки ўзларинг бассни яхшироқ етказиб берадиган қалинроқ ва мослашувчан материаллардан тайёрланган драйверларини ишлаб чиқарганлигини айтади.

Ear (2)'нинг энг эътиборли хусусиятларидан бири шундаки, уларни энди бир вақтнинг ўзида иккита қурилмага улаш мумкин. Масалан, қулоқчинлардан уларни ҳам ноутбукингизда, ҳам телефонингизга улаган ҳолда фойдалана оласиз. Бунда ноутбук орқали мусиқа тинглаётган вақтингизда телефонингизга қўнғироқ қилиб қолишса, қулоқчинлар автоматик тарзда смартфонга ўтади.

Фото: Nothing

Шунингдек, ear (2) мослаштирилган овоз профилига ҳам эга бўлган. Бунда эса сиз Nothing Х иловасида тезкор синовдан ўтиш орқали қулоқчинларни калибрлаш, яъни улардан чиқаётган овозни ўзингизга мослаб олишингиз мумкин бўлади.

Фото: Nothing

Қолаверса, ear (2) энди LHDC 5.0 технологиясини ҳам қўллаб-қувватлайди. Бу эса сизга аудиоларни Hi-Res форматида стрим қилиш имконини беради. Бундан ташқари, қулоқчинлар атрофингиздаги шовқинларни бекор қилувчи ANC (40dB) функциясига ҳам эга ва у уч хил: енгил, максимум ва шаффоф режимларида ишлайди. Уларни ҳам Nothing Х иловаси орқали бошқара оласиз.

Фото: Nothing

Микрофон ва винтлар жойи ўзгарганлигини ҳисобга олмасак, дизайн борасида ўзгаришлар деярли йўқ ва аввалги шаффоф стил сақлаб қолинган. Карл Пей дизайн борасида шундай дейди: "Биз учун жуда ҳам муҳим бўлган яна бир нарса бу рамзий дизайн: ҳатто Nothing логотипини кўрмаганингизда ҳам сиз дарҳол буни ўша бренддан эканлигини биласиз".

Фото: Nothing

Таъкидлаш жоизки, ear (2) қулоқчинлари сув ва чангдан ҳимоя учун IP54, уларнинг кейси эса IP55 сертификатига эга.

Nothing ear (2) батарея борасида 33 мА/соат қувватга эга ва бу билан сиз улардан ANC ёниқ ҳолатида узлуксиз 4 соат, ANC ўчиқ бўлганда эса 6 соат-у 20 дақиқа фойдаланишингиз мумкин. Қувват кейси эса 485 мА/соат ҳажмли батареяни ўз ичига олади. Бу эса сизга қулоқчинлардан ANC билан 22.5 соат, у ўчирилган ҳолда эса 36 соат фойдаланишга имкон беради. Агар кейс қуввати тугаб қолса, уни 10 Вт тезликда симли ёки 2.5 Вт тезликда симсиз зарядлаш мумкин. Кейсни 10 дақиқага тезкор қувватлашнинг ўзи сизга қулоқчинлардан ANC'сиз 8 соат фойдаланиш имконини беради.

Фото: Nothing

Nothing ear (2) симсиз қулоқчинлари глобал бозорга 149 доллар, 149 евро ёки 129 фунт нархларда тақдим қилинган ва ҳозирда уларга олдиндан буюртма бериш бошланган. Сотувлар 28 мартдан бошланиши кутилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!