“Ақлли қишлоқ”да аёллар учун иқтисодий имкониятлар янада яхшиланади

“Ақлли қишлоқ”да аёллар учун иқтисодий имкониятлар янада яхшиланади

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Норинбоев қишлоқ аёллари учун иқтисодий имкониятларни яхшилаш бўйича Япониянинг ижтимоий ривожланиш жамғармасининг лойиҳавий таклифи бўйича Тара Шарофудин бошчилигидаги Жаҳон банки вакилларини қабул қилди. Учрашув натижаларига кўра, томонлар Ўзбекистонда ҳам “Ақлли қишлоқ” лойиҳасини жорий қилиш масалаларини муҳокама қилган. Лойиҳа қишоқ аёлларининг иқтисодий жиҳатдан имкониятлари ва ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, JSDF (Япония ижтимоий ривожланиш жамғармаси) гранти томонидан молиялаштирилади. Бу ҳақда Вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Фактларга тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон бандлик тизимида аёллар улуши 44 фоизгача ўсиб, кичик бизнесдаги уларнинг иштироки сезиларли равишда ошган. Бугунги кунга келиб 35 фоиз тадбиркорлик субъектлари аёллар томонидан ташкил этилиб, улар томонидан бошқарилиб келинмоқда. Аёллар қишлоқ хўжалиги (46 %), молия ва суғурта (41 %), саноат (39 %), хизмат кўрсатиш (37 %), транспорт ва алоқа (11 %), қурилиш (8 %) соҳаларида фаолият юритиб келмоқдалар.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ҳозирда бу лойиҳа Ҳиндистонда Microsoft компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган бўлиб, унинг доирасида қишлоқлар интернет, уяли алоқага уланган, ижтимоий масалалар ҳал қилинган. Озарбайжонда эса лойиҳани Жаҳон банки молиялаштирган бўлиб, унда тадбиркорлик учун маҳаллий дастур ишлаб чиқилган, қишлоқ аёллари ўз тадбиркорлик фаолиятлари борасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйишлари учун имконият берадиган бизнес-инкубатор яратилган. Мазкур лойиҳалар юртимиз шароитига жорий этиш учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.

ЎҚИНГ: Энди CLICK орқали “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”дан чипталарни харид қилиш мумкин

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!