АҚШ-Хитой савдо уруши ва 5G: Хитой ўз брендлари ҳимоясига ўтмоқда

АҚШ-Хитой савдо уруши ва 5G: Хитой ўз брендлари ҳимоясига ўтмоқда

АҚШ ҳукумати томонидан Хитой билан ҳарбий алоқа қилишда гумонлаган учта Хитой телекоммуникация компанияси Нью-Йорк фонд биржаси рўйхатидан чиқарилганди. Шундан сўнг, Хитой Савдо вазирлиги мамлакат ўз компаниялари манфаатларини ҳимоя қилиш учун «зарур чораларни» кўришини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Huawei ва Хитойнинг бошқа техно-компаниялари учун виза чекловлари жорий этилди

Пайшанба куни Нью-Йорк фонд биржаси China Mobile, China Unicom ва China Telecom компанияларини биржа рўйхатидан чиқариб юборишини маълум қилди. Бунга Президент Доналд Трампнинг ноябрь ойида АҚШ сармоясининг 31 та Хитой компаниясига йўналтирилишига қўйган тақиқи сабаб. Вашингтондагилар бу компанияларни Хитой ҳарбий тизимига тегишли ёки унинг назорати остида деб гумонламоқда.

«Хитой фирмаларини бостириш учун миллий хавфсизликни ва давлат ҳокимиятини бундай суиистеъмол қилиш бозор қоидаларига мос келмайди ва бозор мантиғини бузади», — дейилади Хитой Савдо вазирлиги баёнотида. «Бу нафақат хитойлик компанияларнинг қонуний ҳуқуқларига зарар етказади, балки бошқа мамлакатлардаги инвесторлар, шу жумладан, АҚШ манфаатига ҳам путур етказади», дея қўшимча қилинади баёнотда.

Вазирлик Хитой компанияларини ҳимоя қилиш учун чоралар кўришини айтиш билан бирга, Қўшма Штатларни Хитойни билан музокаралар ўтказиш ва ўзаро савдо алоқаларини қайта тиклашга ҳам чақирди.

Сайланган Президент Жо Байден 20 январдан ўз лавозимига кўтарилишидан олдинги сўнгги ҳафталарда, Трамп администрацияси Хитойга қарши қатъий позициясини кучайтирди. Дунёдаги икки йирик иқтисодиёт ўртасидаги муносабатлар савдо ва инсон ҳуқуқлари каби қатор низолар фонида тобора кескинлашиб бормоқда. АҚШ Савдо департаменти декабрь ойида Пекинни фуқаролик технологияларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланганликда айблаб, ўнлаб хитойлик компанияларни қора рўйхатга киритганди.

Хитойлик дипломатлар Байденнинг президентликка сайлангани икки мамлакат ўртасидаги зиддиятларни юмшатишга ёрдам беришига умид билдирмоқда.

Хитой бош дипломати Ван Йи Қўшма Штатлар билан муносабатлар «янги чорраҳа»да турганини ва бундан буёғига «янги умид учқуни» пайдо бўлиши мумкинлигини айтди.

ЎҚИНГ: Huawei осмонида яна қора булутлар пайдо бўлди!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!