АҚШда дронлар учун илк аэропорт қурилади

АҚШда дронлар учун илк аэропорт қурилади

Учар жисмлар секин-аста кундалик ҳаётимизга кириб келмоқда. Қачонлардир ҳарбий мақсадларда ишлатилган мазкур қурилмалар бугунги кунга келиб, турли соҳаларда, турли вазифалар учун қўлланилаяпти. Дронларнинг тоборо кўпайиб бораётгани сабабли АҚШ ҳукумати янги қонун ҳужатларини қабул қилди. Уларга мувофиқ дрон эгалари, албатта, ўз қурилмаларини  давлат рўйхатидан ўтказишлари шарт қилиб белгилаб қўйилди. Энди эса АҚШда дронлар учун хизмат қилувчи махсус тижорий аэропорт қурилиши режалаштирилмоқда, деб ёзади techcrunch.com сайти.Бу лойиҳа билан мамлакатда катта нуфузга, кўплаб ўқув марказларига эга Aerodrome компанияси шуғулланяпти. Маълум бўлишича, бу ердаги махсус ўқув марказида компания мутахассислари хоҳловчиларга учар аппаратлар билан боғлиқ барча жараёнларни  ўргатади. Марказ битирувчиларига “дронларнинг профессионал бошқарувчиси” деган махсус сертификат тақдим этилади.

Хабарларга қараганда, ушбу тижорий дронлар аэропортига Eldorado Droneport номи берилади ва Боулдер-Сити шаҳрида, асосий аэропортдан узоқ бўлмаган жойда бунёд этилади.

Лойиҳанинг мақсади йирик компания ва корпорацияларнинг кўп сонли дронларига учиш, қўниш ва сақлаш каби хизматлар кўрсатишни ташкил этиш. Шунингдек, Aerodrome компанияси ҳамкорликдаги тижорий ва таълим мақсадларини ҳам кўзлаган. Яъни инструкторлар талабаларга турли хил дронларни бошқариш бўйича сабоқ беради.

Маълумотларга кўра, дронлар аэропорти икки гектардан ошиқроқ майдонни эгаллайди ва қурилиш ишлари яқин уч йил ичида ўз ниҳоясига етади.