Artel P5: "Бешни олиш" ўзини оқлайдими?

Artel P5:

Ўзбекистоннинг миллий электроника ишлаб чиқарувчиси бўлган Artel Mobile компанияси 2017 йилнинг июлида ўзининг "P5" номли энг илғор гаджетини эълон қилди. "5 ни ол" деган реклама баннерлари шаҳримиз бўйлаб кўзга ташланади. Хўш, бу смартфон қанчалар диққатга сазовор, унинг имкониятлари қандай? Қуйидаги тавсифда ана шу саволларга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрдик.   

Сўзимиз аввалида айтиш мумкинки, унинг имкониятларини халқаро брендларнинг бошланғич нархли смартфонлари билан бир хил. 

Дизайн

Artel Mobile'нинг 5 дюймли бу смартфони кўринишидан классик смартфонларни эслатиб юборади. Бир қарашда P5 сизга Xiaomi, Meizu каби ҳамёнбоп смартфон ишлаб чиқарувчиларининг смартфонларининг анъанавий қиёфасини ёдга солади.

Artel P5 корпуси шиша ва металл уйғунлигида ишлаб чиарилган. Смартфон қора ва тилла рангли корпусларда тақдим қилинган.


Корпус ўнг томонида овозни бошқариш ҳамда ўчириб-ёқиш тугмаси, чап томонида эса сим-карта бўлмачаси жойлашган. Смартфон 2 та сим-картага мўлжалланган. Бу бўлмачалардан бирига хотира картасини жойлаштириш мумкин.

Олд панел юқори қисмидан суҳбат динамиги, камера модули ва сенсорлар билан бирга, LED фоточақноғи ўрин олган. Бармоқ излари сканери бош тугмада татбиқ қилинган.


Орқа панелда эса бош камера модули ва унинг фоточақноғи, шовқинни пасайтирувчи қўшимча микрофон мавжуд.

Шунингдек, харидорга қадоқда ҳимоя плёнкаси ва чехол ҳам тақдим қилинади.

Экран 

Диагонали 5 дюйм бўлган сенсор экраннинг пикселлар сиғими FullHD, яъни 1920 x 1080 пиксел. Бу ўлчамдаги экран учун жуда яхши кўрсаткич. P5 экранининг IPS-матрицаси тасвир бурчагини 180 градусгача кенгайтиради. Экран яқингача энг сўнгги авлод ҳисобланган Corning Gorilla Glass 4 ҳимоя шишаси билан қопланган.

Платформа 

Artel P5'нинг Android 7.1 операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатиши фойдаланувчи учун бир қатор имкониятларни беради.

Смартфоннинг аппарат таъминоти 8 ядроли Qualcomm 430 процессори асосига қурилган.

Qualcomm Snapdragon 430 чипи 2015 йилнинг сентябрида тақдим қилинган. Архитектураси — 8 ядро, ARM Cortex-A53. У билан бирга график-тасвирларни қайта ишлаш учун Adreno 505 видео-картасидан фойдаланиш мумкин.

Qualcomm'нинг ўрта даражали бу чипининг частота тезлиги 1.4 Ггц. Маълумотни 28 нанометрли техник жараёнда қайта ишлайдиган процессорда X6 LTE алоқа модеми мавжуд.

Qualcomm 430 процессори секундига 150 мегабит маълумотни юклаб олса, 75 мегабит маълумотни интернет тармоғига юклаш имкониятига эга. 

Бизга бирмунча таниш бўлган Samsung Galaxy J3 (2017), Xiaomi Redmi 4, Xiaomi Redmi 3S/3S Prime, Lenovo K6, Lenovo Moto G5, Asus ZenFone 3 Laser/Max, Nokia 6, LG Stylus 2 Plus смартфонлари мана шу процессорда ишлайди.

Бу чипнинг имкониятлари аслида юқори. Мисол учун, тезкор қувватлаш технологияси,  Bluetooth 4.1 технологияси ва бошқалар. Бироқ, Artel Mobile бу функцияларни флагман смартфонида татбиқ қилмаган. Ваҳоланки, бугун ҳамма жойда, ҳаттоки автобус ва метроларда, савдо шаҳобчаларида NFC (яқин масофада контактсиз алоқа ўрнатиш) тизими орқали тўловлар юртимизда ҳам оммалашмоқда. Смартфон концепциясини яратаётганда ишлаб чиқарувчининг мана шу жиҳатларни исобга олмагани таассуфли.

Смартфон мобил алоқанинг 2G, 3G ва 4G стандартларида ишлайди, шунингдек GPS, GLONASS, BeiDou, A-GPS тармоқларини қўллаб-қувватлайди. 

Artel P5'нинг тезкор хотира сиғими 3 гигабайт, доимий хотираси 32 ГБ. Шунингдек, 2 та сим-картага мўлжалланган бўлмачалардан бирига 128 гигабайтгача маълумот сиғимига эга флешка ўрнатиш мумкин.

Смартфонда аудиоплеер, видеоплеер, MP3, FM-радио ҳамда 3.5 мм.ли аудио-туйнук мавжуд. 

Аккумулятор 

Литий-полимер аккумуляторнинг электр токи сиғими 3000 мА соат ва бу қувват смартфондан бир кун давомида фаол фойдаланиш имконини беради. 

Камера

Камера имкониятлари ҳар доим смартфон танлашда бош мезонлардан бири бўлган. P5 бош камераси 13 мегапикселли сенсорга эга бўлган. Олд камера эса 8 мегапикселли. Селфи-камеранинг автофокус ва LED фоточақноққа эга бўлгани диққатга сазовор. Artel P5 олд камерасидаги "Beauty Face" функцияси селфи суратларда инсон юз терисини нафисроқ қилиб муҳрлашга мўлжалланган. 

13 мегапикселли сенсорда барқарорлаштириш функцияси татбиқ қилинмаган.

Шу ўринда бош камера ҳақида. Компания P5'да f/ 2.0 ёруғлик линзасига эга Sony IMX258 модулидан фойдаланган. Xiaomi Redmi Note 4x'да ҳам худди шу сенсор ўрнатилган. Бироқ, Artel P5 функция ва режимлар масаласида Redmi Note 4x'дан анча орқада. Бироқ, сурат олиш имкониятлари деярли бир хил.

 

Нарх-наво 

Смартфон июлда 1,9 миллион сўмдан сотувга чиқарилган эди. Айни пайтда Artel P5 ишлаб чиқарувчи томонидан 1,7 миллион сўмдан сотилмоқда. Қисқа вақт ичида смартфоннинг бу қадар арзонлашуви бекорга эмас. Гарчи, миллий маҳсулот бўлса ҳам, смартфон нархи юқори. Маҳаллий бозорда эса имконияти тенг бўлган хорижлик смартфонлар ундан арзон. Мисол учун, “Малика” савдо мажмуасида Redmi Note 4X (3/32 ГБ) 1,615,000 сўмдан сотилмоқда. Redmi Note 4X девайсдаги батареянинг электр токи сиғими 4100 мА соат. Тўлиқ қувват билан смартфон 2 сутка ишлайди.

Шунингдек, Хитойда 140-150$ доллар турадиган ва юртимизда 160-170$ сотилаётган Xiaomi Redmi Note 4 ҳам ундан анча илғор.

Шу билан бирга, ишлаб чиқарувчи 1 йиллик бепул кафолат, мутахассис хизмати ва таъмирлаш кафолатини бериши ҳам миллий ишлаб чиқарувчи тақдим қилган ўзига хос имкониятдир. 

Хулоса

Умуман олганда, Artel P5 имкониятлари ўрта даражали смартфон. Уни оммалаштириш учун имкониятлари билан аҳолини яқиндан таништириш керак. Бироқ, ушбу материални тайёрлаш жараёнида P5 ҳақида аксарият маълумотларнинг йўқлиги, мавжуд маълумотларда ишлаб чиқарувчи унинг ўзига хосликлари -- металл корпус, сифатли экран ёки 1 кунга етадиган аккумулятори билан мақтанишига гувоҳ бўлдик. Бироқ, бугунги смартфон маркетингида бунинг ўзи етарли эмас. Смартфон рақобатида ғолиб келиш ва чинакам миллий компанияга айланиш учун янги технология ва одамларнинг эҳтиёжини яқиндан ўрганиш керак.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

olx.uz 1.3 млн сўм Сотиб олиш
artelmarket 1.7 млн сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!