Арзон Galaxy J6 (2018) смартфони FCC’да ҳам «кўринди» – тақдимот санаси яқинми?

  •   DiMaX
  •  3088
  •  17.04.2018 13:25

Арзон Galaxy J6 (2018) смартфони FCC’да ҳам «кўринди» – тақдимот санаси яқинми?

Жорий йилнинг февраль ойида Geekbench сервисининг маълумотлар базасида Samsung компаниясининг SM-J600F индексли смартфони ҳақида маълумот пайдо бўлган эди. Мазкур рақам остида яширинган телефон Samsung Galaxy J6 (2018) модели бўлиши эҳтимоли юқори.

Таъкидлаш керакки, ушбу смартфон жинубий кореялик техногигантнинг Galaxy J5 (2017) моделига издош сифатида чиқарилади. У Samsung’нинг бу йилги арзон телефонлари қаторидан ўрин олади. Мазкур девайснинг айрим хусусиятларини қуйидаги хабаримизда ҳам кўрсатиб ўтганмиз:

ЎҚИНГ: Samsung аллақачон янги – ҳамёнбоп Galaxy J6 смартфонини тайёрлабди!

Энди эса, ҳали расман намойиш этилмаган ушбу қурилма АҚШнинг Алоқа федерал комиссияси (FCC) маълумотлар базасида ҳам қайд этилганлиги аниқланди.

Маълумотларга кўра, Galaxy J6 (2018) гаджети янгича урфга оид – томонлари ўзаро 18,5:9 нисбатдаги, диагонали 5,6 дюймлик дисплей билан жиҳозланади. Эҳтимол, бунда худди компания флагманлари сингари Infinity Display – «ниҳоясиз экран» назарда тутилгандир. Смартфон корпусининг ўлчамлари 146,3×67,0 миллиметрга тенг. Унда иккита SIM-карта учун уяча, шунингдек, анъанавий micro-USB порти ва 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш ҳам мавжуд.

Samsung Galaxy J6 (2018) қачон расман намойиш этилиши ҳозирча номаълум. Унинг «авлод»и 2017 йилнинг июль ойи бошида тақдим қилинганлигини инобатга олсак, бу йилги ҳамёнбоп моделни ҳам ёзгача кўрмасак керак. Компаниянинг савдога чиқарилган кўплаб смартфонларига эса Ўзбекистонда ҳам расмий буюртма бериш имкони мавжуд.

ЎҚИНГ: Бутун Ўзбекистон бўйича етказиб бериладиган Galaxy S9+ ва бошқа Samsung смартфонлари нархлари (2018 йил 2 апрель)