Арзонлаштирилган, аммо дактилоскопли экранга эга флагман – Xiaomi Mi 9 SE ҳам намойиш қилинди

  •   DiMaX
  •  2304
  •  20.02.2019 18:50

Арзонлаштирилган, аммо дактилоскопли экранга эга флагман – Xiaomi Mi 9 SE ҳам намойиш қилинди

«Хитойча Apple» бугун Mi 9 флагманидан ташқари Xiaomi Mi 9 SE моделини ҳам тақдим этди. Бу – флагман смартфоннинг бироз соддалаштирилган ва сал ихчамроқ версиясидир.

ЎҚИНГ: AnTuTu’нинг янги рекордчиси – Xiaomi Mi 9 тақдим этилди: 445 долларлик технологик мўъжиза!

Xiaomi Mi 9 SE смартфони олд панелининг 90,47 фоиз юзасини AMOLED-экран эгаллаган. Унинг ўлчами диагоналига 5,97 дюймлик, тасвир аниқлиги эса 1080х2280 пикселга тенг.

Xiaomi тақдимот маросимида шуни алоҳида таъкидладики, бу моделнинг диагонали купертиноликларнинг iPhone XS флагманидан катта бўлса-да, смартфоннинг ўзи ундан юпқароқ ва енгилроқ. Яъни, Mi 9 SE корпуси 7,45 миллиметр қалинликда бўлиб, 155 грамм тош босади. iPhone XS’да эса бу кўрсаткичлар тегишлича 7,7 миллиметр ва 177 граммга тенг.

Арзонлаштирилган модел бўлса-да, Mi 9 SE ҳам экранга интеграция қилинган бармоқ изи сканери билан таъминланган.

Бош камерасининг асосий датчиги 48 мегапикселлик Sony IMX586 бўлса, қолган иккитаси 8 ва 13 мегапикселлик оптик сенсорлардир. Селфилар учун бу қурилманинг дисплейидаги томчисимон «кемтик»да 20 мегапикселлик олд камера ажратилган.

Mi 9 SE техник таъминоти бирмунча камтарроқ – Snapdragon 712 процессори, 6 гигабайтлик тезкор ҳамда 64 ёки 128 гигабайтлик доимий хотира. Аккумуляторининг ток сиғими 3070 мА/соат бўлиб, 18 ваттлик қувват билан тезкор зарядланиши мумкин. Бироқ нисбатан ҳамёнбоп модел бўлгани боис, Xiaomi уни симсиз қувватлаш технологияси, шунингдек, NFC модули билан таъминламаган. Бу смартфон ҳам энг сўнгги – Android 9.0 Pie операцион тизим талқини асосида ишланган MIUI 10 график қобиғи билан тақдим этилмоқда.

Xiaomi Mi 9 SE шу йилнинг 1 мартидан Хитойда савдога чиқади. Унинг 6/64 гигабайтлик талқини 297 доллар туради, 6/128 гигабайтлиги учун эса 341 доллар сўрашади.

Асосий флагмани каби, унинг арзонлаштирилган версияси ҳам бошқа мамлакатлар бозорларига қачон чиқиши ҳозирча номаълум. Ушбу компаниянинг булардан аввал тақдим этган Redmi Note 7 моделини ҳозирча фақат AliExpress’дан буюртма орқали сотиб олиш мумкин. Жаҳон бозорига чиқарилган айрим Xiaomi смартфонларини эса 819 000 сўмдан бошланувчи нархларда Terashop.uz интернет-дўконимиздан харид қилиш имкони бор. Айниқса, шу кунларда – акция доирасида бу харидингиз янада ёқимли ва манфаатли бўлади.

ЎҚИНГ: Xiaomi дактилоскопли экранга эга Redmi Note 7 Pro’нинг ҳам намойиш кунини эълон қилди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!