«Асло қотмас» телефонлар ижодкори энг арзон 5G-смартфонини тақдим этди (+анбоксинг видеоси)

  •   DiMaX
  •  931
  •  16.06.2021 09:36

«Асло қотмас» телефонлар ижодкори энг арзон 5G-смартфонини тақдим этди (+анбоксинг видеоси)

OnePlus компанияси бултур энг арзон смартфони – OnePlus Nord моделини намойиш қилган эди. Кейинчалик ушбу туркумда ҳамёнбоп OnePlus Nord N10 5G ҳамда OnePlus Nord N100 моделлари ҳам чиққан ва Consumer Reports таҳлил компанияси уларни ўз нарх тоифасидаги энг кучли автономликка эга смартфонлар, дея тан олган. Куни кеча эса...

ЎҚИНГ: AMOLED-дисплей, 64 МП камера, NFC ва 12 ГБгача «оперативка»ли 5G-смартфон – €329дан бошланувчи нархларда!

Флагманлар кушандаларини чиқарувчи ушбу компания OnePlus Nord CE 5G билан ҳам чекланиб қолгани йўқ: у ўзининг энг арзон 5G-смартфони – OnePlus Nord N200 (ёки OnePlus Nord N200 5G) моделини тақдим этди. Уни диагоналига 6,49 дюймлик LCD дисплей билан таъминлашган. Экраннинг тасвир аниқлиги 1080х2400 пикселлик, дисплейда пикселлар зичлиги 405 PPI ва кадр янгиланиш частотаси 90 герцлик.

OnePlus Nord N200 5G орқа панели поликарбонатдан ишланган, бармоқ изи сканери корпуснинг ён қиррасига ўрнатилган. Смартфоннинг 16 мегапикселлик селфи сенсори учун дисплейнинг юқори чап бурчагида тирқиш очилган.

Бош камера учта модулни ва фоточақноқни ўз ичига олади: асосий датчик 13 мегапикселлик аниқликда бўлса, макросъёмка ва монохром суратлар учун ҳар бири 2 МПлик қўшимча сенсорлар мавжуд.

Nord N200 моделининг аппарат таъминоти асосини Qualcomm Snapdragon 480 процессори ташкил этади. Смартфон фақат битта модификацияда – 4 гигабайтлик LPDDR4X туридаги тезкор ҳамда 64 гигабайтлик UFS 2.1 тоифали доимий хотира билан чиқарилмоқда.

ЎҚИНГ: Дунё смартфон бозорининг 70 фоизи шу бештагина компанияга тегишли!

OnePlus Nord N200 аккумулятори 5000 мА/соатлик бўлиб, USB Type-C порти орқали 18 ваттлик тезкор қувват олади. Мазкур телефон корпусининг ўлчамлари 163,1х74,9х8,3 миллиметрга, вазни эса 189 граммга тенг.

Қуйидаги анбоксинг видеосида OnePlus Nord N200 5G билан батафсил танишиш мумкин:

OnePlus Nord N200 учун 240 АҚШ доллари миқдорида нарх белгиланган. АҚШ ва Канадада уни 25 июндан сота бошлашади; қолган мамлакатлар бозорига бу моделнинг қачон чиқиши ҳозирча номаълум.

ЎҚИНГ: AnTuTu: Май ойида эгасини рози қилган смартфонлар рейтингида бултурги флагманлар етакчи!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!