ASUS битта қувват билан 20 соат ишлай оладиган юпқа ноутбук тақдим этди

  •   DiMaX
  •  1994
  •  30.08.2018 13:27

ASUS битта қувват билан 20 соат ишлай оладиган юпқа ноутбук тақдим этди

IFA 2018 кўргазмасининг очилиши олдидан кўплаб компаниялар ўзларининг янги гаджетларини намойиш этишмоқда. Жумладан, куни кеча Acer бетакрор ўйинбоп трансформерини кўрсатганди.

ЎҚИНГ: Acer геймерлар учун ғайриоддий ноутбук-трансформер ишлаб чиқди (+видео)

ASUS компанияси эса премиал тоифага мансуб ZenBook S ноутбукининг янгиланган талқинини (UX391FA модел рақамли) расман тақдим қилди.

Ушбу моделда саккизинчи авлод – Whiskey Lake деб номланувчи Intel Core мобил процессори қўллангани боис ноутбукнинг ишлаш самарадорлиги 10 фоизга ошган. Шунингдек, унинг автономлиги – битта қувват билан узлуксиз ишлаш давомийлиги ҳам нақ 20 соатга етган. Унинг аввалги «аждод»ида эса мазкур кўрсаткич 13,5 соатга тенг эди.

Янги авлод ZenBook S ноутбукининг қалинлиги 12,9 миллиметрга, вазни эса, гарчи корпуси металлдан бўлса ҳам, 1 килограммга тенг. Ундаги ErgoLift деб номланган айланувчи қисми қопқоқни очганда автоматик равишда клавиатурани 5,5 даражали бурчак остида кўтаради. Бунинг натижасида матн териш қулайлашишидан ташқари, пастки панелнинг совитилиши ҳамда аудиотизимнинг товуш янгратиши ҳам яхшиланади.

ZenBook S диагоналига 13,3 дюймлик сенсор дисплей билан таъминланган, унинг тасвир аниқлиги эса ноутбук модификациясига қараб 4K UHD (3840х2160) ёки Full HD (1920х1080) форматида. Шунингдек, процессори ҳам саккизинчи авлод Intel Core i7-8565U ёки i5-i5-8265U моделли, тезкор хотираси 8 ёки 16 гигабайтли, доимий хотираси эса 1 терабайтгача боради.

ZenBook S нақ учта USB Type-C портига эга бўлиб, улардан икитаси Thunderbolt 3’ни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, қулоқчинлар учун 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш ҳам бор. Ноутбукнинг клавиатураси ичидан ёритилади, тачпадига эса бармоқ изи сканери жорий этилган.

Янгиланган ZenBook S нархи ва савдога чиқарилиш вақти ҳозирча номаълум. Бошқа русумлардаги айрим ноутбукларни эса terashop.uz онлайн дўконимиздан расмий кафолат билан сотиб олишингиз мумкин. Бунда тўлов усуллари сизга қулайлиги ҳамда харидингиз Ўзбекистон бўйлаб етказиб берилиши ҳам эътиборга лойиқ.

ЎҚИНГ: Asus Zenbook UX305: Ўзбекистонда талаб юқори бўлган ноутбук