Asus ZenFone 3: яхши гаджет супер смартфонларнинг ярим нархида

Asus ZenFone 3: яхши гаджет супер смартфонларнинг ярим нархида

Тайванлик ишлаб чиқарувчи 2015 йилда 5.5 дюйм, 4 ГБ тезкор хотира, 64 ГБ доимий хотира ва Intel Atom Z3580 тезкор процессорига эга ASUS Zenfone 2 смартфонини $299 доллардан сотувга чиқариб кўпчиликни ҳайратда қолдирган эди. Компаниянинг навбатдаги мобиль қурилмалари ҳам ҳозирданоқ катта қизиқишга сабаб бўлмоқда.

2015 йилнинг октябрида Asus раҳбарияти компаниянинг 5.5 дюймли ZenFone 3 ҳамда 5.9 дюймли Zenfone 3 Deluxe смартфонлари устида иш олиб бораётгани тўғрисида эълон қилган эди. Шу кунга қадар мазкур смартфоннинг бармоқ изига сканерига, USB Type-C туридаги умумий портга эга бўлиши каби маълумотлар тарқатилган.

Апрелнинг илк кунларида интернет тармоғида тарқатилган суратларга кўра, Zenfone 3’нинг алюминийдан ишланган юпқа корпуси олди ва орқасидан айланасига 2.5D шаклидаги шиша ҳалқа билан ўраб олинган. Корпуснинг орқа панелида светодиодли фоточақноқ ва лазерли автофокусга эга камера, бармоқ изи сканери мавжуд. Олд панелнинг юқори қисмида камера ва LED фоточақноқ, таъсирчан экран, қуйи қисмида Samsung Galaxy S7’ники каби овал шаклидаги бош тугма ўрин олган.

Asus ZenFone 3

Asus ZenFone 3

ZenFone 3 Deluxe’нинг HD дисплейи 5.9 дюймли бўлиб, экраннинг белги сиғими 1280 x 720 пиксель бўлади. Смартфондаги бош камера 12 ёки 13 мегапиксель, олд камера 5 мегапиксель бўлиши кутилмоқда. Гаджет 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 615 процессори, 3 ГБ оператив хотира ва 32 ГБ доимий хотирага эга бўлиши хабар қилинган.

Asus ZenFone 3 смартфонининг 5.5 дюймли Full HD дисплейи 1920 x 1080 пиксель сиғимига эга бўлиши айтилмоқда. Гаджет 6 ядроли Qualcomm Snapdragon 650 процессори, 3 ГБ оператив хотира ва 32 ГБ ажралмас (доимий) флеш-хотира билан таъминланган. Смартфон экрани Corning Gorilla шишали ҳимоя қатламга эга. Қўшимча хотира бўлмачаси 128 ГБгача картани қўллаб-қувватлайди.

Ҳар иккала смартфонлар Android 6.0 Marshmallow операцион тизимида ишлайди.

ASUS Zenfone 2

ASUS Zenfone 2

Компания кенг имкониятли ва арзон смартфонлар билан харидорлар диққатини тортишга, смартфон бозори етакчиларини “синдириш”га аҳд қилган кўринади. ZenFone 3’нинг эркин савдога 300 АҚШ долларидан чиқарилиши кутилмоқда. Айни пайтда  2015 йилда тақдим қилинган ASUS ZenFone 2 Deluxe’нинг бир қатор қўшимча имкониятларга эга махсус талқини Россия Федерацияси ҳудудида жорий йилнинг март ойидан бошлаб 630 АҚШ долларидан сотила бошланди.

Экспертлар эса Galaxy S7 ёки 2016 йилнинг кучли смартфонлари билан рақобатга кириша оладиган гаджет камида QHD-экран, 4 ГБ хотирада ишлайдиган Snapdragon 820 процессорига эга бўлиши кераклигини айтишмоқда.

Янги мобиль алоқа воситаларининг 2016 йилнинг 31 майидан 4 июнига қадар Тайванда бўлиб ўтадиган ахборот технологиялари маҳсулотлари кўргазмасида намойиш этилиши кутилмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!