Asus Zenfone 8 ва Zenfone 8 Flip смартфонлари тақдим қилинди

Asus Zenfone 8 ва Zenfone 8 Flip смартфонлари тақдим қилинди

 Бошқа компаниялар бир-биридан илдамлашга ҳаракат қилаётган айни пайтда Asus ўз дизайни билан қолганлардан ажралиб турувчи иккита смартфон тақдим этди: Asus Zenfone 8 ва Zenfone 8 Flip.
 
ЎҚИНГ: Asus ROG Phone 3 чиқди: бош рақибидан икки карра қиммат, лекин шунга яраша зўр-да! (+видео)

Zenfone 8 флагмани ҳозирда энг ихчам Android флагман бўлса, Zenfone 8 Flip олдинги авлод моделидаги айланувчи камера механизмига эга.
 
Asus Zenfone 8
Asus Zenfone 8’нинг ўлчамлари 148х68.5х8.9 мм бўлиб, вазни 169 граммга тенг. Қурилма iPhone 12 mini’дек кичик бўлмаса-да, (157 х 68 х 8.2 мм ўлчамга, 168 грамм вазнга эга) Xperia 5 III’дан ихчамроқ. Смартфонга Snapdragon 888 чипи ўрнатилган бўлиб, Android 11 асосига қурилган ZenUI 8 интерфейсида ишлайди.
 
Кичик флагман 1080p резолюцияли 5.9“ AMOLED экран (Samsung E4) ва 20:9 форма факторига эга. Олд панель Gorilla Glass Victus шишаси билан, бутун қурилма IP68 ҳимояси билан қопланган. Эътиборли жиҳати шундаки, Zenfone 8 қурилмаси Asus’нинг IP даражадаги ҳимояга эга биринчи смартфони ҳисобланади.
 
Экран панелида кадр янгиланиш частотаси 120Hz’га тенг. Сенсорнинг намуна олиш частотаси эса 240Hz’ни ташкил этади. Дисплей HDR10+ сертификатига эга бўлиб, DCI-P3 ранглар гаммасининг 112% ини қамраб олади. Ранглар яхши калибрланган. Экран анчайин ёрқин ҳамдир, максимал ёрқинлик даражаси 1,100 нитга тенг. Бармоқ изи сканери экран остига ўрнатилган.
 
Орқа панелда 64МП датчикли иккита камера жойлашган. Zenfone 7’га ҳам бир хил — IMX686 сенсори ўрнатилганди. Сенсор 0.8µм пиксел, Quad Bayer фильтри ва қўш-пиксел автофокуси (PDAF) га эга.
 
Камера, шунингдек, тасвирни оптик барқарорлаштириш (OIS) ҳамда 8К аниқликда 24 кадр/секунд видеолар олиш имкониятига эга. 4K/60 кадр/сек. ёки 1080p/60 кадр/сек. видеолар ҳам олиш мумкин. Учта микрофонли тизим эса OZO Audio Zoom ва шовқинни камайтириш технологиясига эга.
 
Орқа панелдаги иккинчи камера 12МП IMX363 сенсори (1/2.55") га асосланган бўлиб, бу ҳам эски, лекин ишончи сенсорлардан. Сенсор 1.4µм пиксел ҳамда PDAF’га эга. Камера объективи макросёмка учун 4 см масофадан фокус ола олади. Олд томондаги селфи камера эса янги 12МП IMX663 сенсоридан (1/2.93", 1.22µм) фойдаланади, PDAF имкониятига эга. Ультракенг бурчакли ва селфи камералар 4К аниқликда (мос равишда, 60 кадр/сек. ва 30 кадр/сек.) видео ёзади.
 
Asus ихчам Zenfone 8 смартфонини кучли аудио аппарат таъминоти билан жиҳозлаган. Девайс 3.5 мм аудио жек ҳамда Cirrus Logic моно кучайтиргичи (CS35L45) ва Dirac HD Sound'ни қўллаб-қувватловчи иккита чизиқли динамикка эга. Audio Wizard иловаси ёрдамида эквалайзерни ўзингизга мослаштиришингиз мумкин. FM радио ҳам бор (Европа учун чиқарилган моделда мавжуд эмас).
 
Смартфонга USB-C порти орқали 30 ваттда тезкор қувват бериш мумкин.
 
Симсиз алоқага келсак, смартфон бир неча диапозонли 5G'ни қўллаб-қувватлайди. Энг сўнгги Wi-Fi 6E ва Bluetooth 5.2 ҳам қўллаб-қувватланади. Смартфон нано-SIM карталар учун иккита слотга эга. Афсуски, microSD карта уяси йўқ.
 
Asus қурилмани 128ГБ ва 256ГБлик доимий хотира ҳамда 6ГБ, 8ГБ ва 16ГБлик тезкор хотира конфигурацияларида таклиф этмоқда. Смартфоннинг ён томонида Smart Key тугмаси жойлашган бўлиб, унинг ёрдамида учта турли амални бажариш мумкин.

...

Asus Zenfone 8 смартфони Европа ва Тайванда аллақачон сотувга чиқди. Смартфон дастлабки сотув кунларида 600 евродан, ой охирига бориб эса 670 евродан сотилади. Қурилма тез орада бошқа бозорлага ҳам чиқиши керак.
 
ЎҚИНГ: Дунё бўйича энг қудратли Android-флагманлар (AnTuTu рейтинги, 2021 йил март)

Asus Zenfone 8 Flip
Asus Zenfone 8 Flip смартфонининг ўзига хослиги унга ўрнатилган айланувчи камерадир. Камера модули учта камерадан иборат бўлиб, улардан бири 3х телефото камерасидир. Асосий камера корпусдан чиқиб, айланиш имкониятига эгалиги боис селфи камера мавжуд эмас. Ва бу смартфоннинг асосий хусусияти ҳисобланади. Асосий ва ультракенг камера билан оддий тасвир ва селфи суратлар ҳамда видеолар олишингиз мумкин.
 
Зефоне 8 Flip ҳам Snapdragon 888 SoC билан жиҳозланган. Қурилма 8ГБ тезкор, 128ГБ ва 256ГБ UFS 3.1 тоифасидаги доимий хотирага эга. Смартфонга иккита SIM карта ва битта microSD ташқи хотира картаси тушади.
 
Янги Zenfone 8 Flip модели ўтган йилги Zenfone 8’нинг SD888 билан янгиланган талқини дейиш мумкин. Иккала авлод смартфонларининг қолган жиҳатлари деярли бир хил. 6.67" AMOLED экран худди Zenfone 7’даги каби 1080p+ резолюция, 20:9 форма фактори, 90Hz янгиланиш частотаси, 200Hz намуна олиш частотаси ва нисбатан эски Gorilla Glass 6 шишасига эга. Zenfone 8 Flip экрани Zenfone 8’га ўрнатилган дисплей каби ёрқин бўлмаса-да (максимал 700 нит), HDR10+ сертификати ва аъло даражадаги ранг бериш имконияти билан мақтана олади.
 
Ўтган йилги моделдан фарқли, бармоқ изи сканери ён томондан экран остига кўчган. Smart Key тугмани бир марта, икки марта ёки узоқ босиб туриш билан уч хил амални бажариш мумкин.
 
Учта камераларнинг асосийси 64МП IMX686 сенсори бўлиб, OIS’га эга эмас. Ультракенг камера эса 12МП IMX363 сенсори билан жиҳозланган. Телефото камера резолюцияси эса 8МПга тенг. Фокус узунлиги 80 мм бўлган телеобектив 3 карра катталаштириш ва 12 каррагача рақамли зум хусусиятига эга.
 
Асосий камера 8K аниқликда 30 кадр/сек., 4K аниқликда 60 кадр/сек. ва HyperSteady видеолар ёзади. Ультракенг бурчакли камера 4K/60 кадр/сек., телефото камера эса 1080p/30 кадр/сек. видео лавҳалар олади. Камера модулини Gorilla Glass 3 шишаси ҳимоялаб туради.
 
5,000 мАс сиғимли, 30 ваттда HyperCharge қувват олувчи аккумулятор ҳам ўзгармаган. Симсиз алоқалардан Wi-Fi 6E мавжуд. Аудио учун эса aptX Adaptive мавжуд.
 
Zenfone Flip 8’да 3.5 мм аудио жек йўқ, лекин махсус NXP моно кучайтиргичи (TFA9874) ва Hi-Res аудио сертификатига эга стерео динамиклар бор. Карнайларни, ROG Phone’даги каби, Dirac Reserach созлаган.
 
Asus Zenfone 8 Flip смартфонига asus.com сайти орқали Европада 800 евродан бошлаб олдиндан буюртма бериш мумкин.

...

Ҳар икки смартфон қадоғи таркибида 30 ваттлик қувватлагич бор. Flip модели қадоғига, шунингдек, Active Case ғилофи ҳам солиб қўйилган. Бу ғилоф смартфон кучли тебранишга учраса, камера механизмини ҳимоялаб туради.
 
ЎҚИНГ: Учта версияда ROG Phone 5 тақдим этилди – геймерлар орзуси! (+видео)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!