Asus Zenfone 8'нинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан танишамиз

Asus Zenfone 8'нинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан танишамиз

Куни кеча Asus Zenfone 8 серия смартфонлари тақдим қилингани ҳақида хабар берган эдик. Қизиғи шундаки, янги линейка таркибида Zenfone 8 mini номли модель йўқ. Чунки бу йилги Zenfone 8'нинг ўзи мини ҳажмга эга.

Asus'дагилар тезлик, экран, камера, аккумулятор, стерео динамиклар ва ҳатто аудио жек борасида ҳеч қандай қурбонликларсиз энг ихчам Android смартфонини яратишни мақсад қилишган эди. Ва буни уддалашди ҳам! Мавсумнинг энг интригали смартфонларидан бири — Asus Zenfone 8 mini смартфонини қарши олинг.

Анчадан буён ихчам смартфонлар оламида янгиланишлар бўлмаётган эди. iPhone 12 mini бу борада бироз умид учқунини берганди, шундан сўнг баъзи Android смартфонсозлар ҳам Apple'га эргашишга қарор қилди. Sony, масалан, ихчам, лекин мақташга арзирли жиҳатларга эга Android флагманларни доимий равишда тақдим қилажагини маълум қилди.

Zenfone 8 ҳам худди шундай. Қурилма 5.9" 120Hz AMOLED экран, энг сўнгги Snapdragon 888 5G платформаси, 4,000 мАс аккумулятор, флагман даражадаги иккита камера ҳамда чанг ва сувдан ҳимояга эга.

Ҳақиқатан ҳам, Asus ихчам Zenfone 8 ичига барча нарсани сиғдиришга уринган ва бу борасида гап бўлиши мумкин эмас. Буларга қўшимча равишда иккита баланд овозли стерео карнай, 3.5 мм аудио жек, Qualcomm Aqstic DAC, NFC ва ҳатто FM радио (Европадан бошқа бозорларда) ҳам борлиги кишини хурсанд қилади.

Камера ҳам қойилмақом жиҳатларга эга. Орқа панелда иккита камера бор холос, лекин улар икки карра вазифа бажаради. Асосий 64МП камера тасвирни оптик барқарорлаштириш хусусияти ва тасвир сифатини бузмаган ҳолда икки карра зум қилиш имконига эга. 12МП ультракенг бурчакли камерага катта датчик ўрнатилган, автофокусга эга ва макросёмка қила олади. 12МП селфи камерада автофокус бор, 4K видео олади.

Келинг, энди смартфоннинг техник жиҳатлари билан танишсак.

Asus Zenfone 8'нинг техник жиҳатлари:

> Корпус: 147.8х68.5х9.2 мм, 165г; олд панелда Gorilla Glass Victus шишаси ўрнатилган, ром алюминийдан, орқа панель Gorilla Glass 3 билан қопланган; чанг ва сувдан IP68 ҳимоя.

> Дисплей: 5.9" Super AMOLED, 120Hz адаптив янгиланиш частотаси; 240Hz намуна олиш частотаси, HDR10+, 1080х2400p резолюция, 20:9 форма фактори, 445ppi зичлик.

> Чипсет: Qualcomm SM8350 Snapdragon 888 5G (5 nm): саккиз ядроли (1x2.84 GHz Kryo 680 & 3x2.42 GHz Kryo 680 & 4x1.80 GHz Kryo 680); Adreno 660.

> Хотира: 128/256ГБ UFS3.1 доимий хотира; 6/8/16ГБ тезкор хотира.

> Орқа камера: •Кенг (асосий): 64 МП, f/1.8, 26 мм, 1/1.7", 0.8µм, қўш-пиксел PDAF, OIS, 2х зум; •Ультракенг: 12 МП, f/2.2, 14 мм, 1/2.55", 1.4µм, қўш-пиксел PDAF, 4 см макросёмка.

> Видео ёзув: •Орқа камера: 8K@30 кадр/сек., 4K@30/60/120 кадр/сек., 1080p@30/60/240 кадр/сек., 720p@480 кадр/сек.; гиро-EIS, HDR, аудио зум ва NC учун 3 та микрофон; •Олд камера: 4K@30 кадр/сек., 1080p@30/60 кадр/сек.

> Аккумулятор: 4,000 мАс; 30 ваттда тезкор қувватланиш, QC 4.0, USB-PD 3.0.

> Бошқа: бармоқ изи сканери (экран остида, оптик); NFC; 3.5 мм аудио жек, стерео динамиклар, FM радио.

> Нархи: 679 евро

Қадоқ таркиби
Zenfone 8 одатий қадоқда сотилади. Қадоқ ичида 30 ваттлик қувватлагич адаптер, ҳар икки томони USB-C типидаги кабель ва пластик ҳимоя ғилофи бор.

ЎҚИНГ: Asus ROG Phone 3 чиқди: бош рақибидан икки карра қиммат, лекин шунга яраша зўр-да! (+видео)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!