Атиги 130 долларга батареяси нақ 8000 мА/соатлик, «ўлдириб бўлмас» смартфон чиқди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  2953
  •  30.06.2020 09:27

Атиги 130 долларга батареяси нақ 8000 мА/соатлик, «ўлдириб бўлмас» смартфон чиқди! (+видео)

Oukitel компанияси кучли ҳимояланган, аккумулятори сиғимдор смартфонлари билан танилган. Яқинда у Xiaomi Mi CC9 Pro камерофонидан зўр макросурат олувчи Oukitel C18 Pro моделини тақдим этган.

ЎҚИНГ: Ромсиз Oukitel K10 энг сиғимдор – нақ 11000 мА/соатлик аккумуляторга эга! (+видео)

Ушбу смартфонсоз корпуси муҳофазага эга бўлган янги – Oukitel WP5 Pro моделини намойиш қилди. Компания уни 7 июлдан сота бошлайди; смартфон дастлаб 130 доллардан таклиф этилади, кейинроқ эса уни ўз нархида – 160 долларга олиш мумкин бўлади.

Oukitel WP5 Pro смартфонининг корпуси АҚШнинг ҳарбий стандарти – MIL-STD-810G талабларига жавоб бера олади. Шунингдек, у IP69K даражасида ҳам ҳимояга эга.

Ҳозирда аксарият смартфонларда қўлланаётган IP68 ҳимоя стандарти қурилманинг бир ярим метрлик сув тубида ярим соатгача тура олишини таъминласа, IP69K кучли босим остидаги иссиқ сув таъсирига ҳам чидамлиликни англатади. Булардан ташқари, янги смартфон тирналиш ва зарбаларга чидамли – 1,5 метрлик баландликдан қаттиқ юзага тушиб кетса ҳам унга шикаст етмайди.

ЎҚИНГ: Xiaomi «ўлдириб бўлмас» смартфон тайёрлабди: Comet илк «жонли» расмларда!

Телефоннинг аппарат таъминоти асосини MediaTek Helio A25 процессори ташкил этади, тезкор/доимий хотираси эса тегишлича 4/64 гигабайтлик. Android 10 операцион тизим талқини бошқаруви остидаги Oukitel WP5 Pro диагоналига 5,5 дюймлик, резолюцияси 720х1440 пикселлик экранга эга. Томонлари ўзаро 16:9 нисбатли дисплей юзасига Corning Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси ётқизилган.

Oukitel WP5 Pro экрани тепасидаги селфи-камера 5 мегапикселлик якка датчикни ўз ичига олади. Қурилманинг бош камерасида эса 13 + 2 + 2 мегапикселлик сенсорлар қўлланган. Ундаги нақ тўртта LED-чироқли фоточақноқ эса смартфонни бемалол кучли фонарик сифатида ишлатиш имконини беради.

Орқа панелдаги бармоқ изи сканери эса шахсий маълумотларингизни ҳимоялашда қўл келади.

ЎҚИНГ: LG атиги 150 долларга учталик камерали, «ўлдириб бўлмас» смартфон чиқарди! (+«жонли» видео)

Қуйидаги видеода Oukitel WP5 Pro моделининг хусусиятлари билан батафсил танишиш мумкин:

Ушбу смартфоннинг афзалликларидан бири – 8000 мА/соатлик аккумуляторидир – унинг шарофати билан Oukitel WP5 Pro одатий режимда уч кунгача қувватлашсиз ишлай олади!

Мазкур қурилма билан батафсил (инглиз тилида) танишиш учун Oukitel расмий сайтидаги тегишли саҳифага мана бу ҳавола орқали ўтишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Samsung «ўлдириб бўлмас» Galaxy S20 тақдим этди, лекин уни ҳеч ким сотиб ололмайди! (+видео)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.