Атиги 149 долларга Рубик кубиги ўлчамида Intel чипли мини-компьютер чиқди

  •   DiMaX
  •  422
  •  04.11.2020 18:26

Атиги 149 долларга Рубик кубиги ўлчамида Intel чипли мини-компьютер чиқди

Xiaomi компанияси ёзда ўзининг YouPin краудфандинг майдончасида Ningmei CR100 русумли десктоп компьютерини тақдим этган эди. Гарчи арзон – атиги 198 долларга баҳоланган бўлса-да, бу мини-компьютер Intel процессори билан жиҳозланган.

ЎҚИНГ: Клавиатурага ўрнатилган Raspberry Pi 400 компьютери атиги 70 доллардан сотувга чиқди

Энди эса «Хитойча Apple» худди шу бренд остида яна битта – Xiaomi Ningmei Rubik's Cube Mini Computer русумли маҳсулотини намойиш қилди. Номидан ҳам кўриниб турганидек, бу – Рубик кубиги ўлчамида ва шаклида ишлаб чиқилган мини-компьютердир.

Ningmei Rubik's Cube Mini Computer корпусининг ўлчами 62х62х42 миллиметрлик бўлиб, 145 грамм тош босади. Унга максимал такт частотаси 2.7 гигагерцлик Intel J4125 процессори ўрнатилган. Компьютер яна Intel UHD600 график чипи, 6/8 гигабайтлик тезкор хотира ҳамда 128/256 гигабайтлик SSD-хотира билан таъминланган.

Мини-компьютер корпусида биттадан HDMI ва USB-C, иккита USB 3.0 порти, қулоқчин тирқиши ҳамда microSD-карта уячаси мавжуд. Симсиз интерфейслардан эса Bluetooth ва икки диапазонли Wi-Fi модуллари бор. Шунингдек, бу «кичкина полвон» митти кулер асосидаги совитиш тизими билан ҳам мақтана олади.

ЎҚИНГ: Клавиатуралар ҳақида қизиқарли фактлар (1-қисм)

Ningmei Rubik's Cube Mini Computer моделининг бошланғич – 6/128 гигабайтлик тезкор/ички хотирали варианти 149 доллар туради. Нисбатан тезкор ва «бағрикенг», яъни 8/256 гигабайтлиги учун эса 187 доллар тўлашга тўғри келади. Шунингдек, компания унинг махсус – Marvel Edition версиясини 200 доллардан сотувга чиқарган.

Эслатиб ўтамиз, бошқа компаниялар ҳам ўта ихчам ва антиқа компьютерлар намойиш этишган. Масалан, биз Q-Stick – 8 ГБ «оперативка»ли компьютер-брелок ҳақида, шунингдек, энг митти – 1х1 миллиметрлик IBM нано-компьютери тўғрисида ҳам хабарлар эълон қилганмиз. Яна дунёдаги энг митти ўйин ноутбуки, энг митти мини-компьютер, энг митти ноутбук-планшет кабилар ҳақида маълумотлар берганмиз. Ҳаттоки ташриф қоғозига визиткага жойланган компьютер ҳам чиққан ва жуда арзон – 2,88 долларга баҳоланган! Атиги 188 долларлик Odyssey X86J4105800 мини-компьютери эса Windows, Linux ва Arduino билан ишлай олади!

Дарвоқе, «Охирзамон компьютери» ҳамда «Охирзамон операцион тизими» ҳақидаги маълумотлардан хабарингиз бормиди?

ЎҚИНГ: Intel процессорли бу моноблок компьютерни атиги 99 долларга олиш мумкин! (+видео)

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.