Атиги 270 долларлик, лекин энг катта экранли 5G-смартфон намойиш қилинди!

  •   DiMaX
  •  1391
  •  02.07.2020 16:11

Атиги 270 долларлик, лекин энг катта экранли 5G-смартфон намойиш қилинди!

Huawei компаниясининг суббренди аввалроқ Honor Play 4 ҳамда Honor Play 4 Pro моделларини тақдим этган эди. Буларнинг иккаласи ҳам геймерларга мўлжалланган 5G-смартфон бўлишдан ташқари, Pro-версияси мобил қурилмаларда ҳали қўлланмаган ҳарорат датчигига ҳам эга.

ЎҚИНГ: Шу ойдаёқ EMUI 10.1’гача янгиланувчи глобал Huawei ва Honor смартфон ҳамда планшетларининг расмий рўйхати

Энди эса компания дисплейининг ўлчами диагоналига 7 дюймдан ошувчи дунёдаги биринчи 5G-смартфон – Honor X10 Max моделининг онлайн тақдимотини ўтказди. Аниқроғи – унинг экрани 7,09 дюймлик бўлиб, ўзгача – RGBW матрицаси қўлланган. Маълумотларга кўра, бу тур дисплей IPS матрицалиларига нисбатан 70% кўпроқ ёрқинликни таъминлайди. Яна кўз учун зарарсиз – бу борада ҳатто «TÜV Rheinland low blue light certification» сертификатига эга. Шунингдек, мазкур экран DCI-P3 ранг қамровини тўлиқ қоплаб олади ва HDR10 форматини қўллаб-қувватлайди.

Смартфон қалинлиги 8,3 миллиметрга тенг бўлса-да, ичида сиғимдор – 5000 мА/соатлик ккумулятор ўрнатилган (22,5 ваттлик тезкор қувватланади). Корпуснинг ўнг қиррасига бармоқ изи сканери ўрнатилган.

Honor X10 Max стереофоник динамикларга эга: биттаси корпуснинг юқори, иккинчиси эса пастки қиррасида жойлашган. Смартфон кенгайтирилган функционалга эга бўлган NFC модули билан таъминланган – уни автомобил калити сифатида қўллаш мумкин. Аппарат таъминотининг асосини MediaTek Dimensity 800 платформаси ташкил қилади.

Қурилманинг қўшалоқ бош камераси 48 ва 2 мегапикселлик датчикларни ўз ичига олган; аммо Honor ноанъанавий тарзда ёндашган – булардан иккинчиси саҳна чуқурлигини аниқлаш учун эмас, балки макросъёмка учун қўлланади. Селфилар учун эса экраннинг томчисимон кемтигига 8 мегапикселлик олд камера ўрнатилган.

Смартфоннинг базавий – 6/64 гигабайтлик тезкор/доимий хотирали варианти 270 АҚШ долларига баҳоланган. Ўртача конфигурациядаги – 6/125 гигабайтлиги учун 300 долларлик нарх белгиланган бўлса, 8/128 гигабайтлиги учун 355 доллар тўлашга тўғри келади. Honor X10 Max савдоси Хитойда эртага – 3 июндан бошланади, унинг бошқа мамлакатлар бозорларига чиқиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: DxOMark энг зўр камерофон, селфифон ва аудиосмартфонларни эълон қилди