AuTuTu’да янги рекорд: дунёдаги энг қудратли смартфон энди iPhone X эмас!

  •   DiMaX
  •  4752
  •  17.02.2018 15:49

AuTuTu’да янги рекорд: дунёдаги энг қудратли смартфон энди iPhone X эмас!

Смартфонлар расмий намойишидан аввал турли бенчмаркларда синаб кўрилиши одат тусига кирган. Бенчмарк базасидаги маълумотлари орқали эса ҳали тақдим этилмаган қурилмаларнинг хусусиятларини билиб оламиз.

ЎҚИНГ: Snapdragon 845'га эга Galaxy S9 Plus AnTuTu'да имтиҳон топширди

Кеча – 2018 йилнинг 16 февралида AuTuTu бенчмарк сервисида Хитойнинг ZTE компанияси маҳсулоти бўлмиш Nubia Z19 смартфони имтиҳон топширди. NX606J модел рақами остида тестдан ўтган мазкур гаджет ўзининг қуввати билан iPhone X ҳамда Samsung Galaxy S9’ни ҳам ортда қолдирди. Android 8.0 Oreo операцион тизим талқини бошқаруви остида ишлайдиган бу девайс синовда 271674 балл натижа кўрсатиб, рекорд ўрнатди!

ЎҚИНГ: ZTE 10/256 ГБ хотирали фантастик смартфон тайёрламоқда! (+видео)

Nubia Z19 смартфонининг «юраги» – энг илғор, 2,8 ГГц такт частотасидаги саккизта ядрони ўз ичига олган Qualcomm Snapdragon 845 процессори бўлиб, Adreno 630 график тезлатгичи унинг қувватини янада оширган. Синовдан ўтказилган қурилманинг тезкор хотираси 6, ички хотираси эса 32 гигабайт ҳажмга эга. Унинг экрани томонлари ўзаро 18:9 нисбатда бўлиб, 2160х1080 пикселли, яъни Full HD+ форматида.

Айтиш керакки, мазкур гаджет Nubia Z19 смартфонининг якуний варианти эмас, балки прототипидир. Зеро, тестдан ўтган девайснинг 6/32 гигабайтлик хотираси шундан далолат бериб турибди. ZTE эса, ўз смартфонларининг турли хусусиятларга кўра энг юқори, рекорд кўрсаткичларда бўлишига интилиб келади. Масалан, мазкур компаниянинг 2017 йилнинг ёзида бозорга тақдим этилган Nubia Z17 смартфони ҳам 8 гигабайт тезкор хотирага эга дунёдаги илк мобил қурилма бўлган эди.

ЎҚИНГ: ZTE’дан жиддий флагман: Nubia Z17 тақдим қилинди

Таҳлилчиларнинг фикрича, мазкур хитойлик компания Nubia Z19 смартфонини 8/128 ГБ ҳамда 10/256 ГБ хотирали версияларда тақдим этади. Ҳозиргача «сизиб чиққан» маълумотларга кўра, унинг ромсиз экрани тепасида, худди Essential Phone’даги каби, «ўйиқ» жой бўлади. Орқа панелда эса модуллари ёнма-ён жойлашган асосий камера ҳамда бармоқ изи сканери ўрин олади.

Агарда ўз ҳамюрти – OnePlus 6 флагмани ўзиб кетмаса, Nubia Z19 модели дунёдаги энг қудратли смартфон сифатида майдонга тушади.

ЎҚИНГ: Энг кучли андроид-чипга эга барча флагманлар ва уларнинг нархлари

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!