Avast «энг хавфсиз» ва мутлақо бепул браузерни тақдим этди

  •   DiMaX
  •  1549
  •  06.04.2018 13:18

Avast «энг хавфсиз» ва мутлақо бепул браузерни тақдим этди

Асосан антивирус дастурлари билан танилган Avast компанияси ўзининг Avast Secure Browser номли браузерини фойдаланишга топширди. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, бу – Windows тизими учун «энг хавфсиз» браузердир.

ЎҚИНГ: Windows 10 учун 7 та ишончли антивирус

Аслини олганда, Avast Secure Browser дастури – SafeZone Browser’нинг янгиланган шаклидир. Уни энди бутун дунёдаги фойдаланувчилар бепул кўчириб олишлари мумкин.

Avast Secure Browser одатда кўпчилик браузерлардаги каби «Хусусий кириш» ва «Инкогнито» каби режимлар билангина чекланиб қолмайди. Ушбу дастур хавфсизликнинг бир қатор созламаларини тақдим этади ва фойдаланувчи уларни ўз хоҳишига кўра созлаб олиши мумкин. Улар орасида фишингдан сақланиш воситаси, банк операциялари режими, «кўринмаслик» режими ва ички VPN кабилар бор.

Шунингдек, Avast Secure Browser ўз фойдаланувчиларини учинчи шахслар (веб-сайтлар ва интернет-провайдерлар сингари) кузатувидан ҳам ҳимоялайди. Бу браузер кўришлар тарихини кузатиш ва сақлашдан, кирилган сайтларни кузатишга хизмат қилувчи cookie-файлларнинг қўлланишидан, шунингдек, фойдаланувчининг профилини яратишда ишлатилувчи шахсий маълумотлардан фойдаланишдан ҳам муҳофаза этади.

ЎҚИНГ: Рақамли бармоқ изи ва уни яшириш

Avast Secure Browser қуйидаги функцияларни ўз ичига олади:

  • «Кузатишларсиз режим» – веб-сайтлар тармоқдаги фойдаланувчини кузатишларини чеклайди;
  • «Банк операциялари режими» – фойдаланувчи томонидан киритиладиган маълумотларни хакерлар «кўз»идан яширади;
  • «Идентификациясиз режим» – браузернинг бетакрор маълумотларини яширади;
  • Adblock – зиёнкор рекламалардан муҳофаза этади;
  • «Кенгайтмалардан ҳимоя» – браузерни ишончсиз кенгайтмалар ўрнатилишидан сақлайди.

Avast Secure Browser’ни айни дамда Windows 10, 8, 7 операцион тизимларида ишловчи компьютер ва ноутбукларга ўрнатиб олиш мумкин, бунинг учун мана бу ҳавола орқали ўтасиз. Дастурчилар бу браузернинг iOS ҳамда Android учун мўлжалланган мобил версияларини ҳам 2018 йилнинг ўзида тақдим этишни режалаштиришган. Унгача эса қуйидаги каби иловалардан фойдаланиб туришингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Firefox Focus – ваҳимачилар ва тежамкорлар учун мобил браузер

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!