Ахборот технологиялари вакиллари дунёнинг энг бой ва сердаромад кишиларига айланди

Ахборот технологиялари вакиллари дунёнинг энг бой ва сердаромад кишиларига айланди

Жорий йилнинг 2 март куни Американинг Forbes бизнес журналида навбатдаги дунёнинг энг бой кишилари рўйхати эълон қилинган эди. Ундан жаҳоннинг 1,810 нафар миллиардерлари ўрин олган.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур давлатмандлар орасида, айниқса ахборот технологиялари соҳаси вакиллари, бу йўналишда хизмат кўрсатувчи компания раҳбарлари даромадларининг йиллик ўсиши ва кўлами бошқа соҳа вакиллариникига қараганда анча юқори.

Мисол учун, 2016 йилнинг 1 март ҳолатига кўра ҳисобида  81.1 миллиард АҚШ доллар маблағи бўлган Билл Гейтс кетма-кет учинчи, жами 17 маротаба “дунёнинг энг бой кишиси” номига сазовор бўлган.

Билл Гейтс — америкалик тадбиркор,  Microsoft компаниясининг собиқ раҳбари. У 1955 йилда АҚШда таваллуд топган. Отаси юрист ва онаси тадбиркор бўлган.

Forbes журналига кўра яна бир ахборот технологиялари соҳаси вакили – Марк Зукерберг 2016 йилда энг кўп даромад кўрган бойлар орасида етакчиликка даъво қилмоқда. У олдинги йилга қараганда рўйхатда 10 поғона юқорилаб, 6 ўринга кўтарилган. Унинг маблағи 2015 йилда 33.4 миллиарддан 2016 йилда 44.6 миллиард АҚШ долларига етган.

Марк Зукерберг — Facebook  ижтимоий тармоғи асосчиси, интернет технологиялари соҳасида хизмат кўрсатувчи Facebook Inc. компанияси раҳбари, америкалик дастурчи. У 1984 йилда Америкада таваллуд топган.  Отаси келиб чиқиши германиялик бўлган стоматолог ва онаси руҳшунос.

Шу билан бирга, ахборот технологиялари соҳасида хизмат кўрсатувчи яна бир компания – Amazon интернет дўкони раҳбари ҳам 15 ўриндан 2016 йилда 5 ўринга кўтарилган. Унинг ҳисобидаги маблағ 45.2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилар экан.