Ахборот технологиялари вазирлиги оператор ва провайдерларга муҳим топшириқ берди

Ахборот технологиялари вазирлиги оператор ва провайдерларга муҳим топшириқ берди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, бугун вазирликда мамлакатимизда фаолият кўрсатувчи барча алоқа хизматлари операторлари ва интернет-провайдерлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган. Унда хизматлар учун нарх тарифи сиёсатини тартибга солиш юзасидан амалга ошириш зарур бирламчи вазифалар муҳокама қилинган.

Учрашувда «Ўзбектелеком» АК абонентларининг, шунингдек ҳамкорларнинг мурожаат ҳамда истакларини инобатга олган ҳолда, 20 октябрдан айрим тарифларни ошириш бўйича қарорнинг бекор қилингани қайд этилган.

Таъкидлангани каби, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи галдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра, барча оператор ва провайдерларга тарифлар учун нархларни веб-сайт ва оммавий ахборот воситаларида миллий валютада кўрсатиш вазифаси юклатилган. Шунингдек, фармон асосида хизматлар учун тариф нархларининг кескин оширилмаслигини таъминлаш бўйича ҳам топшириқлар берилган.

Учрашувда мобил алоқа операторларига қисқа муддат ичида мобил алоқа билан қамраб олинмаган аҳоли пунктларини, шунингдек аҳоли яшайдиган ҳудудларни боғлайдиган магистрал автомобил ҳамда темир йўлларини алоқа сигналлари билан қамраб олиш юзасидан топшириқ берилган.

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига абонентларга барча турдаги телекоммуникация хизматларининг сифатли кўрсатилишини қаттиқ назоратга олиш вазифаси юклатилган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!