Ахборот ва коммуникациялар агентлиги Ўзбекистонда сайтлар блокланаётгани ҳақидаги ЕХҲТ танқидига муносабат билдирди

  •   DiMaX
  •  711
  •  19.04.2019 08:36

Ахборот ва коммуникациялар агентлиги Ўзбекистонда сайтлар блокланаётгани ҳақидаги ЕХҲТ танқидига муносабат билдирди

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистонда сайтлар блокланаётганини танқид қилгани ҳақида хабар бергандик. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) бу масалани ўрганиб чиқади, деб ёзади Minbar нашри.

ЎҚИНГ: ЕХҲТ Ўзбекистонни сайтларни блокламасликка чақирди

«Агентлик ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезирнинг баёноти билан танишиб чиқди ва айрим янгиликлар веб-ресурсларига кириш муаммолари борасидаги фактларни диққат билан ўрганиб чиқади», – деган АОКА бош директори Комил Алламжонов.

Аввалроқ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) ОАВ эркинлиги бўйича вакили Арлем Дезир Ўзбекистон ҳукуматини сайтларни блокламасликка ва ОАВ ҳақидаги қонунчиликни халқаро нормаларга мувофиқлаштиришга чақирган эди.

АОКА директори ЕХҲТ танқидига муносабат билдириши нимаси билан муҳим: Ўзбекистон мустақил бўлганидан бери турли жабҳаларда халқаро ташкилотларнинг асосли ва асоссиз (лекин, кўпинча барибир асосли) танқидига учраб келган. Аввалги мулозимлар бундай танқидлар гўёки мавжуд эмасдек, ёки «сизларда эса негрларни осишади» қабилида жавоб берар эди. Ғарб ва ўзбек амалдорлари орасида конструктив мулоқот мисоллари камдан-кам учрар эди.

Комил Алламжонов эса агентлик ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили билан ҳар қандай масалада мулоқот ва ҳамкорлик қилишга доимо тайёрлигини билдирган. Унинг конструктив тарзда берилган бу жавоби халқаро ташкилотлар билан улар тилида гаплаша оладиган амалдорларнинг янги авлоди шаклланаётганидан далолатдир.

ЎҚИНГ: Error 404: очилмаётган, ҳатто ўчириб юборилган веб-саҳифани кўришнинг иккита осонгина йўли бор!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!