Axon 30 5G чиқди: умуман кўринмас селфи-камерали смартфон 340 доллардан!

  •   DiMaX
  •  496
  •  28.07.2021 12:42

Axon 30 5G чиқди: умуман кўринмас селфи-камерали смартфон 340 доллардан!

ZTE компанияси бултур дунёдаги биринчи экраности камерали смартфон – Axon 20 5G моделини тақдим этган эди. Бу йил апрелда эса у «2021 йилнинг энг кучли камерасига эга» Axon 30 Ultra ҳамда Axon 30 Pro смартфонларини чиқарган.

ЎҚИНГ: ZTE бу флагмани билан Xiaomi Mi 11 Ultra’нинг «бурнини ерга ишқаламоқчи»!

Компания энди янада такомиллашган дисплейости камерали ZTE Axon 30 5G (ёки ZTE Axon 30) смартфонини ҳам намойиш қилди. «Аждод»идан фарқли равишда, унда олд камера экранда умуман кўринмайди ва унда суратга олиш сифати ҳам анча юқори.

Бунга эса Visionox компанияси томонидан ишлаб чиқилган OLED-дисплей шарофати билан эришилган: у 16 мегапикселлик камерани яхши яшириш билан бирга, суратга олиш жараёнида ёруғликни яхши ўтказади ҳам. Экраннинг ўлчами диагоналига 6,92 дюйм, тасвир аниқлиги 2460х1080 пикселлик, кадр янгиланиш частотаси эса 120 герцга тенг.

Axon 30 5G моделининг «электрон юраги» тарзида Snapdragon 870 платформаси танланган. ZTE бу телефонини UFS3.1 стандартидаги доимий хотира чипи, NFC модули ҳамда тезкор хотирани кенгайтирувчи Memory Fusion Technology технологияси билан таъминлаган.

ЎҚИНГ: «Кўринмас» селфи-камерали смартфон ўзини оқламади

Axon 30 5G аккумуляторининг ток сиғими 4200 мА/соатга, унинг максимал зарядланиш тезкорлиги эса 55 ваттга тенг. Янги смартфоннинг бош камераси тўртталик: 64 мегапикселлик Sony IMX682 сенсори, 8 МПлик кенг бурчакли камера, 5 МПлик макромодул ҳамда 2 МПлик саҳна чуқурлиги датчиги.

ZTE Axon 30 5G корпуси 189 грамм тош босади, қалинлиги эса 7,8 миллиметрги тенг. Компания уни Android 11 операцион тизим устига қурилган MyOS 11 график интерфейси билан чиқарган.

Смартфон тезкор/доимий хотира конфигурациясиги кўра тўрт хил вариантда чиқарилган ва қуйидагича нархлаган: 6/128 ГБлиги – 340 доллар, 8/128 ГБлиги – 385 доллар, 8/256 ГБлиги – 430 доллар, 12/256 ГБлиги – 475 доллар. Axon 30 5G савдолари Хитойда 3 августдан бошланади, ZTE уни кейинроқ жаҳон бозорига ҳам чиқаришини эълон қилган.

ЎҚИНГ: Яширин селфи камерали смартфонда олинган расмлар эълон қилинди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!