Айланма учталик камерали Zenfone 7 ҳамда Zenfone 7 Pro флагманлари чиқди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  978
  •  27.08.2020 11:07

Айланма учталик камерали Zenfone 7 ҳамда Zenfone 7 Pro флагманлари чиқди! (+видео)

Samsung бултур камера блоги корпусдан юқорига чиқиб селфи олувчи Galaxy A80 смартфонини тақдим этган эди. JerryRigEverything канали муаллифи – «қурилмаларни қийновчи» Зак Нельсон уни энг чиройли смартфон, деб атаган. Энди эса ASUS компанияси шунга сал ўхшаб кетувчи смартфонларини тақдим этди – уларда селфи тушириш учун уч модулли бош камеранинг ўзи айланиб юқорига чиқади.

ЎҚИНГ: Энг оригинал – айланма экранли LG Wing смартфонини илк «жонли» видеода кўрамиз!

Янги туркумга иккита – стандарт Zenfone 7 ҳамда янада илғор Zenfone 7 Pro моделлари кирган. Худди олдинги авлод – ZenFone 6 смартфонида бўлгани каби, уларда ҳам айланма камера қўлланган.

Янги жуфтликнинг иккаласида ҳам камера жамланмасида датчиклар бир хил: 64 мегапикселлик Sony IMX686 (f/1.8); 12 мегапикселлик кенг бурчакли (113 даражали) камера (f/2.2) ҳамда 8 мегапикселлик телефото модули (3 карра оптик ва 12 карра рақамли зум). Фарқи шундаки, Zenfone 7 Pro камерасидаги асосий датчик ва «телевик» оптик барқарорлаштириш тизимига эга, стандарт Zenfone 7 моделида эса бу имконият йўқ.

ASUS’нинг таъкидлашича, айланма камера 35 килограммгача юкни кўтара олади ва 200 000 цикл айланишга бардош беради. Бундан ташқари, мазкур механизмнинг моторчаси ZenFone 6’никига нисбатан 40 фоизга кичикроқ, лекин икки карра кучлироқ.

Zenfone 7 ҳамда унинг Pro-версияси деярли бир хил, уларнинг ўзаро фарқи (камерадаги оптик барқарорлаштиришдан ташқари) аппарат таъминотининг асосидадир. Стандарт моделида Snapdragon 865 процессори, 6/8 гигабайтлик тезкор ва 128 гигабайтлик доимий хотира қўлланган бўлса, Zenfone 7 Pro флагмани энг зўр – Snapdragon 865+ чипсетига ҳамда 8/256 гигабайтлик тезкор/ички хотирага эга.

Уларнинг бошқа жиҳатлари бир хил: 6,67 дюймлик AMOLED-дисплейда тасвир аниқлиги 2400х1080 пикселлик. HDR10+ технологиясини қўллаб-қувватловчи экраннинг янгиланиш частотаси 90 герцлик бўлса, сенсор қатламиники 200 герцлик.

Zenfone 7 ҳамда Pro-версияси шиша корпусга эга, бармоқ изи сканери ён қиррага ўрнатилган. Смартфонларнинг 5000 мА/соатлик аккумулятори 30 ваттлик технология бўйича тезкор қувват олади. Ҳар иккала моделни ҳам стереодинамиклар ва NFC чипи билан таъминлашган.

ЎҚИНГ: Атиги 100 долларлик шу янги смартфоннинг дактилоскопи қаерида, деб ўйлайсиз?

Қуйида Zenfone 7 ҳамда унинг Pro-версияси учун тайёрланган махсус видеолавҳани томоша қиламиз:

ASUS ҳозирча янги флагманларнинг фақат Тайвандаги нархларини эълон қилган: тезкор хотираси 8 ГБлик Zenfone 7 учун компания 600 евро сўраяпти; Zenfone 7 Pro флагмани эса 800 еврога баҳоланган. Бу иккала смартфоннинг глобал тақдимоти кейинроқ бўлиб ўтади ва ўшанда уларнинг жаҳон бозоридаги нархларини ҳам айтишади.

Дарвоқе, ASUS бу флагманларнинг ғайриоддий форм-факторини ҳисобга олиб, қадоғига махсус ғилоф ҳам қўшиб беряпти.

ЎҚИНГ: Asus ROG Phone 3 чиқди: бош рақибидан икки карра қиммат, лекин шунга яраша зўр-да! (+видео)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.