Аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи мобил илова ишга тушди

  •   DiMaX
  •  649
  •  09.12.2020 10:05

Аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи мобил илова ишга тушди

Ўзбекистонда аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш учун «Нажот» мобил иловаси ишга туширилди. Бу тўғрида Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати ёзмоқда.

ЎҚИНГ: Google «Хариталар»ига энди ўзингиз янгилик қўша оласиз!

Ҳар йили 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган ҳар бешинчи аёл ва қиз зўравонлик ҳақида хабар беради. Янги маълумотлар пандемия бошланганидан кейин аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик таҳдиди кучайганлигини кўрсатмоқда. Карантин чекловлари туфайли кўплаб зўравонлик қурбонлари ўз вақтида етарли даражада ёрдам олмаган бўлиши мумкин. Ўзбекистонда 2020 йил январь-сентябрь ойларида зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига 14 849 та мурожаат келиб тушди.

COVID-19 инқирозининг аёллар ва қизларга таъсирини юмшатиш ва узоқ муддатли тикланиш уларга фойда келтиришини таъминлаш учун БМТ-Аёллар ташкилоти тезкор ва мақсадли чораларни ишлаб чиқди. Асосий чора-тадбирлардан бири гендер зўравонлигини, шу жумладан, оиладаги зўравонлик ҳолатларини юмшатиш ва камайтиришдир.

БМТнинг «Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» кампанияси муносабати билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури томонидан Швеция ҳукумати кўмаги билан амалга оширилаётган «Давлат бошқарувида ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» қўшма лойиҳа доирасида асосий мақсади зўравонлик қурбонларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ўз вақтида ёрдам беришдан иборат бўлган «Нажот» мобил иловаси ишлаб чиқилди.

Илованинг бош саҳифасида фавқулодда вазият учун мўлжалланган «Ёрдам тугмаси» мавжуд. Агар фойдаланувчи оиладаги зўравонлик қурбонига айланган бўлса, ушбу тугмани босиб, 3 сониядан кўпроқ ушлаб туриш керак. «Нажот» иловаси қурбоннинг оиласига ёрдам сўраб хабар жўнатади ва унинг манзилига ҳавола юборади.

«Ёрдам» тугмачасини ишлатиш учун «Ёрдам учун контактлар» бўлимига фойдаланувчи яқинларининг контактларини ва ёрдам ҳақидаги хабарни қўшиши керак. Иловада ёрдам учун хабарга жавоб бера оладиган 5 тагача яқин кишиларнинг контактларини қўшиш мумкин. Ушбу одамларни илова тўғрисида олдиндан огоҳлантириш тавсия этилади.

Шунингдек, фойдаланувчи, агар керак бўлса, «Энг яқин ёрдам марказига хабар бериш» параметрини танлаши мумкин. Шунда фойдаланувчи учун хавф тўғрисида хабар энг яқин реабилитация марказига юборилади.

Шунингдек, иловада «Ёрдам марказлари» бўлими мавжуд бўлиб, у ерда оилавий муаммолар, оиладаги зўравонлик ва фавқулодда вазиятларда ёрдам учун мурожаат қилиш мумкин бўлган жойлар ҳақида маълумот олиш мумкин. Ушбу марказларда, агар керак бўлса, психолог, шифокор ёки ҳуқуқшунос маслаҳатларини олиш ва ҳимояланган турар жой сўраш мумкин. Бундан ташқари, зўравонлик қурбонлари илова орқали ҳудудлардаги Ички ишлар бўлимларининг аёллар масалалари бўйича инспекторларига мурожаат қилишлари ҳам мумкин.

Иловада ҳар бир ҳудуддаги зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш марказлари рўйхати келтирилган. Керакли ҳудудни танлаб, ушбу марказларнинг манзили ва контактлари тўғрисида маълумот олиш мумкин. Шунингдек, навигация учун ёрдам сифатида марказларнинг манзили харитада келтирилган.

Илова ёрдамида психологнинг онлайн ёрдамини, қийин вазиятда шифокор ва адвокат билан маслаҳатлашиш мумкин.

«Билиш муҳим» бўлимида аёллар саломатлиги, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, оилавий муносабатлар, ҳуқуқий масалалар ва бошқа масалаларга оид энг кўп тарқалган саволларга жавоблар мавжуд. Шунингдек, ҳимоя ордерини олиш бўйича кўрсатмалар мавжуд. Бундан ташқари, фойдаланувчи зўравонлик турини аниқлаш ёки зўравонлик нима эканлигини тушуниш учун тестлардан ўтиши мумкин.

Ушбу бўлимда фойдаланувчи тестдан ўтиши ва ўзига нисбатан зўравонлик борлигини аниқлаши ва қандай ёрдамга муҳтожлигини тушуниши мумкин. Масалан, агар жавобларда «кўпинча» ва «доимий» жавоблар устунлик қилса, демак, фойдаланувчи оиласида зўравонлик муаммоси долзарбдир.

Қаерда ва қандай бўлишидан қатъи назар, фойдаланувчи ёрдам олгунча: у тақдим этган барча маълумотлар сир сақланади.

Ушбу мобил илова ўзбек ва рус тилларида мавжуд. Яқин орада «Нажот» мобил иловасини PlayStore’да юклаб олиш мумкин бўлади.

ЎҚИНГ: Президент халққа ўз Telegram ва WhatsApp рақамларини берди: «Мени ҳам гуруҳингизга қўшиб қўйинг!»