Балки ишонмассиз, лекин Huawei кетма-кет иккинчи ой смартфон бозорида етакчи бўлди!

  •   DiMaX
  •  993
  •  30.06.2020 17:54

Балки ишонмассиз, лекин Huawei кетма-кет иккинчи ой смартфон бозорида етакчи бўлди!

Бир неча йил аввал Huawei смартфон сотиш бўйича Apple’ни қувиб ўтиб, дунёдаги иккинчи рақамли смартфонсозга айланган. Жорий йилнинг апрелида эса у тарихда илк бор Samsung’дан ҳам ўзиб, 1-рақамли смартфонсоз бўлган эди.

ЎҚИНГ: Samsung смартфонларга чегирма эълон қилаётиб, Huawei’ни масхаралади

Буни қарангки, хитойлик техногигантнинг бу ютуғи тасодифий эмас экан – май ойида ҳам у Samsung’дан кўп смартфон сотишга эришибди! Яъни, 2020 йилнинг май ойида Huawei жаҳон смартфон бозорининг 19,7 фоизини эгаллаган бўлса, жанубий кореялик рақибига 17,6 фоизлик улуш тўғри келган.

Бошқа смартфонсозларнинг май ойида жаҳон бозоридаги улуши қуйидагича: Apple – 13%, Oppo, Xiaomi ва Vivo – ҳар бири 8%дан. Бу ойда дунё бўйича жами 81,97 миллионта смартфон сотилган (апрелда 69,37 миллионта эди).

Манбанинг таъкидлашича, Samsung бир ойда АҚШдаги смартфонлар сотувини бирданига 56 фоизга ошириш орқали Huawei билан оралиқдаги фарқни камайтирган. Шу динамикани инобатга олсак, июнь натижаларига кўра жанубий кореяликлар яна биринчи ўринга чиқиб олишларини англаш қийин эмас. Huawei эса иккинчи ўринни Apple’га ҳали-вери бериб қўймаса керак – то кузда iPhone 12 тақдим этилиб сотувга чиқмагунича купертиноликларда кескин ўсиш бўлмаса керак.

Дарвоқе, Huawei’нинг яна бир катта ютуғи ҳақида яқинда ёзгандик: энг инновацион компаниялар рейтингида у бирданига нақ 42 поғона юқорилаб, бу гал ТОП-ўнталикка кирган!

ЎҚИНГ: Huawei P40 Pro+ кушандасини Xiaomi тайёрлади: керамик корпус, Snapdragon 865 ва қайрилма экранли камерофон!

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!