Bang & Olufsen BeoSound: оҳангни 360 градусда янгратаман
IFA 2016 кўргазмасида Даниянинг Bang & Olufsen компанияси ўзининг янги карнайларини намойиш қилди. BeoSound сериясидаги карнайлар оҳангни бутун атрофга, аниқроғи 360 градусда янграта олади. Карнайлар катта бўлмаган конус шаклида ишланган бўлиб, овозни айлана бўйлаб таратишга қодир.
BeoSound 1 ва BeoSound 2 карнайлари худди стол лампаларига ўхшайди, шунинг учун улар исталган интерьерга мос тушади. Карнайлар бир-биридан дизайн ва ҳажм борасида фарқ қилади. Мисол учун BeoSound 1 ечиладиган батареяга эга бўлиб, уни пикник, дам олиш ва саёҳатларда олиб юриш мумкин. BeoSound 2 бироз кучлироқ параметрларга эга, аммо у доимий қувватлашни талаб этади.
Иккала карнайда Google Cast, AirPlay, DNLA ва Bluetooth орқали файлларни юбориш имконияти кўзда тутилган. Шунингдек, товушни янада кучайтириш мақсадида карнайларга Bang & Olufsen BeoLink динамикларни улаш мумкин.
BeoSound 1 ва BeoSound 2 контактсиз датчиклар билан таъминланган ва бошқариш элементларини исталган тарафдан кўрсата олади. Карнайнинг юқори қисмини бураш орқали товуш баландлигини созлаш, унга босиш орқали эса турли амалларни бажариш мумкин.
BeoSound 1 карнайи айни вақтда 1495 доллар нархида сотилмоқда. BeoSound 2 эса октябрнинг охирида сотувга чиқарилади. Нархи – 1895 доллар.