«BankExpo-2019»: янги хизматлар, тажриба ва ҳамкорлик истиқболлари

  •   DiMaX
  •  423
  •  12.04.2019 09:41

«BankExpo-2019»: янги хизматлар, тажриба ва ҳамкорлик истиқболлари

«Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида 11 апрель куни «BankExpo-2019» миллий кўргазмаси очилди. Бу хусусда Ўзбекистон Миллиф ахборот агентлиги хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: «BankExpo-2019»: илғор IT-ечимлар, рақамли банкинг ва халқаро ҳамкорлик

Ўзбекистон Банклари ассоциацияси томонидан ташкил этилган кўргазмада мамлакатимизда фаолият юритаётган банклар ўзининг банк хизматлари акс этган стендлари, тарқатма материаллари, буклет ва флаерлари, малакали мутахассислари билан иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Банклари ассоциацияси раиси Б.Ҳамидов ва бошқалар мамлакатимизда банк-молия соҳасини самарали ривожлантириш чет эл инвестицияларини жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш билан бир қаторда давлат иқтисодиёти ўсишининг асосий омили эканини таъкидлади.

Йирик хорижий инвестицияларни жалб этиш Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишининг муҳим шартларидан. Айниқса, бу жараёнда замонавий технологияларни жорий этиш ва хорижий молия институтлари тажрибасини ўрганиш ўта муҳимдир. «BankExpo-2019» кўргазмаси бу борада амалий аҳамият касб этиб, унда маҳаллий ва хорижий молия институтлари ва ишбилармонлик сектори вакиллари ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатиш ва профессионал ҳудуд яратилади.

Кўргазма павильонида акциядорлик тижорат Халқ банки ҳам ўз имкониятларини намойиш этмоқда. Ушбу банкнинг кейинги йилларда эришаётган молиявий барқарорлик ва юқори ўсиш суръатлари халқаро нуфузли ташкилотлар томонидан юксак баҳоларга сазовор бўлаётгани алоҳида эътирофга сазовордир.

– Бугунги кунда юртимизнинг барча туман ва шаҳарларида банкнинг 197 филиали, 30 минибанки, 680 чакана амалиёт кассаси, 206 халқаро пул ўтказмалари шохобчаси, 140 дан ортиқ банкомат, қарийб 30 минг 200 дона тўлов терминали мижозлар учун хизмат кўрсатиб келмоқда, – деди акциядорлик тижорат Халқ банкининг маркетинг бўлими бошлиғи Беҳруз Темиров. – Халқ банки томонидан юртимизда фаол тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, бизнес юритиши учун зарур шарт-шароит яратилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 27 июндаги «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида ёш тадбиркорларга 5 йилгача бўлган муддатга йиллик 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланган. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш юзасидан бугунги кунга қадар 1 445 та тадбиркорга 160,9 миллиард сўм кредитлар ажратилиб, 3 845 та янги иш ўрни яратилди.

ЎҚИНГ: Payme назорат пакетини 5,5 миллион долларга Грузиянинг TBC Bank’и харид қилди

«Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банки ҳам кўргазманинг фаол иштирокчиларидан. Ушбу молиявий муассаса тизимида бошқарув ва хизмат кўрсатишни замонавий услублар асосида йўлга қўйиш, Банкни трансформация қилиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, банкда 2019-2021 йилларга мўлжалланган Банкни ривожлантириш стратегияси ҳамда Мижозларга хизмат кўрсатиш стандартлари ишлаб чиқилган.

– Халқаро мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бизнеснинг энг муҳим 12 йўналиши бўйича Банкни трансформация қилиш дастурига кўра қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – деди «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банкининг Стратегик ривожлантириш департаменти директори ўринбосари Сарвар Ниёзов. – Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш маркази фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Марказда «ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатилади ҳамда тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар учун «кредит супермаркети» ташкил этилган. Мижозларга масофадан хизмат кўрсатишга мўлжалланган барча дастурлар («UzPSB Mobile», «Менинг банким», «Шахсий кабинет», «Корпоратив интернет банкинг», «UzPSB Mobile Business», «SMS Banking») жорий қилинаётган янги хизматларга мослаштирилган ҳолда такомиллаштирилмоқда. Жумладан, жисмоний шахс мақомидаги мижозлар учун яратилган «UzPSB mobile» мобиль иловасининг веб талқини – «Менинг банким» ишга туширилди. Банкнинг юридик шахс мақомидаги мижозлари учун «Корпоратив интернет-банкинг» дастури орқали хорижий валютани онлайн буюртманома асосида сотиб олиш йўлга қўйилди.

Кўргазма доирасида маҳаллий ва халқаро молиявий муассасалар вакиллари иштирокида ўтказилган конференция ва матбуот анжуманида мамлакатимизга инвестиция жалб этиш, ўзаро ҳамкорлик истиқболлари каби бир қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди.

ЎҚИНГ: «Uzcard» ва «Мир» кобейжинг карталари: пластик карталаримиз энди Россия банкларида ҳам ўтадиган бўлади!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!