Банкоматдан пул ўғирлаш дастури сотувга чиқди!

  •   DiMaX
  •  3393
  •  20.10.2017 11:11

Банкоматдан пул ўғирлаш дастури сотувга чиқди!

«Касперский лабораторияси» мутахассислари банкоматлардан осонгина пул ўғирлаш имконини берувчи дастурий таъминот интернетда сотилаётганини аниқлашди. Бу ҳақда компания сайтида маълумот берилмоқда.

Йўриқнома бўйича ўмариш

Cutlet Maker деб аталувчи бу зиёнкор дастур ёрдамида банкоматдан пул ўмариш учун унинг USB-портига уланиш кифоя. Унинг яратувчилари нафақат тайёр дастурий жиҳозлар тўпламини, балки уни қандай қўллаш қадам-бақадам тушунтирилган видеоқўлланмани ҳам тақдим этишади.

Дарвоқе, ўғирликка ўргатувчи ва ёрдам берувчи бу тўпламнинг нархи ҳам «чакки эмас» – «атиги» 5000 АҚШ доллари!

Қандай ўғирлашади?

Cutlet Maker тўпламини сотиб олган ғараз ниятли киши, банкоматдан пул олиш учун уста жиноятчи бўлиши ҳам, яхши хакер бўлиши ҳам шарт эмас.

Ушбу тастурий таъминот учта нарсани ўз ичига олади: Cutlet Maker дастури, c0decalc утилитаси ва Stimulator иловаси. Булардан биринчиси – энг асосийсидир: у банкомат тизимига киришни амалга оширади. Иккинчиси эса, биринчисидан фойдаланиш учун керак бўладиган илова бўлиб, авторизациядан ўтмаган (яъни, пулини тўламаган) ҳолда Cutlet Maker’ни ишлатишнинг олдини олади. Учинчиси бўлса банкомат ичидаги кассеталарнинг ҳар бирида қандай номиналдаги ва қанча миқдордаги банкноталар борлигини акс эттиради – жиноятчи ортиқча вақт сарфламасдан, энг кераклисини, энг пули кўпини чиқариб олаверади.

Шу тариқа, жиноятчи дастурий таъминот солинган флешкани банкомат USB-портига улайди ва унинг юқорида саналган қисмларини кетма-кет ишга туширади. Бунда қийинчилик туғилмаслиги учун, Cutlet Maker яратувчилари ўз маҳсулотига видеоқўлланмани ҳам илова қилишган.

Cutlet Maker қаердан пайдо бўлган?

Мутахассисларнинг аниқлашича, ушбу дастурий таъминот интернетга Украина ҳудудидан туриб юкланган. Кейинчалик уни бошқа мамлакатлар ҳудудларидан ҳам кўчириб олишган.

Шунингдек, Cutlet Maker дастури муаллифлари инглиз тилини яхши билишмайди. Ҳатто унинг номи ҳам бунга ишора қиляпти – кўча тилида бир даста пулни англатувчи «котлет» сўзидан олинган.

Cutlet Maker интернетда 2017 йилнинг 27 мартидан сотувга чиққан. Бироқ «Касперский лабораторияси» мутахассисларининг аниқлашларича, бу дастурий таъминотнинг энг олдинги намуналари 2016 йилнинг ююнь ойларида ҳам мавжуд бўлган.

Сотиб олса бўладими?

Айтиш керакки, тегишли хавфсизлик идоралари томонидан мазкур дастурий таъминот савдосига чек қўйилган. Умуман, «Terabayt.Uz» сайти бу каби ноқонуний йўллар билан пул топишга уринмасликни тавсия этади, акс ҳолда, мана бу хабаримизда кўрсатилган Click билан қилиқ қилган ҳисобчи ҳолига тушиш ҳеч гапмас.

Қизиқувчилар Cutlet Maker ҳақидаги батафсил маълумотни ушбу ҳавола орқали «Касперский лабораторияси» ҳисоботидан олишлари мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.