Бақувват батарея ва кучли Qualcomm чипли Galaxy M42 5G бенчмаркда қўлга тушди

  •   DiMaX
  •  965
  •  01.04.2021 09:39

Бақувват батарея ва кучли Qualcomm чипли Galaxy M42 5G бенчмаркда қўлга тушди

Samsung компанияси ўзининг арзон смартфонлар туркумидаги Galaxy M62 моделини февралда намойиш қилган. Аниқроғи, бу – аввалроқ Ҳиндистонда тақдим этилган «автономлик монстри» – Galaxy F62 смартфонининг клонидир.

ЎҚИНГ: Samsung смартфон бозорида Apple’ни четга суриб қўйди

Энди эса компания ушбу сериянинг навбатдаги аъзоси – Galaxy M42 5G моделини тайёрлади. Samsung уни куни кеча Geekbench сервисида текшириб кўрди ва шунда смартфоннинг асосий техник жиҳатлари ошкор бўлди.

Бенчмарк маълумотлар базасида қолган қайдларга кўра, смартфон бешинчи авлод уяли алоқа стандартини қўлловчи, анчайин кучли Snapdragon 750G процессори базасида тайёрланган. Каталог рақами SM-M426B бўлган қурилма 4 гигабайтлик тезкор хотира билан жиҳозланган ва Android 11 операцион тизим талқинига эга.

Кўриб турганингиздек, Galaxy M42 5G бенчмаркдаги якка ядроли синовда 650 балл, кўп ядроли тестда эса 1779 балл тўплаган. Смартфоннинг бошқа айрим хусусиятлари аввалроқ турли регуляторларда тасдиқланган – у 6000 мА/соатлик аккумуляторга ҳамда 64 мегапикселлик камерага эга.

Samsung яқинда ўзининг Galaxy A52 смартфонини икки хил – Galaxy A52 4G ҳамда Galaxy A52 5G талқинларида намойиш этган эди. Шунга ўхшаб, бу янги смартфоннинг бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини қўлламайдиган, янада арзон версияси ҳам бўлади. Galaxy M42 4G деб номланадиган модел Snapdragon 732G чипсети билан тақдим этилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Сув ва чангдан ҳимояли Galaxy A72 ҳам тақдим этилди!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.