Барча флагманлар рингда: кимнинг батареяси энг зўр?

  •   DiMaX
  •  3295
  •  03.10.2017 18:27

Барча флагманлар рингда: кимнинг батареяси энг зўр?

Бугунги кунда бозорда тақдим этилаётган энг илғор смартфонлар – турли ишлаб чиқарувчиларнинг флагманларидан қай бирининг аккумулятори яхши? PhoneArena сайти мутахассислари шу масала бўйича тажриба ўтказиб кўришди ва натижаларини эълон қилишди.

Тажриба икки босқичда ўтказилди: биринчисида смартфон батареяси битта тўлдирилган ҳолатида унинг қуввати неча соатгача етиши текширилди. Қизиғи – аввалги авлод моделларига нисбатан аккумулятори сиғими кичрайганига қарамасдан, iPhone 8 Plus модели айни шу жиҳатидан яққол устунлигини намоён этди. У битта тўлиқ қувватлаш билан 10,5 соат ишлай олди!

Фахрли иккинчи ўринни «хитойча Apple»нинг Mi 6 модели эгаллади – у ғолибдан бир соатдан ошиқроқ вақт орқада қолди, яъни унинг қуввати 9 соату 14 дақиқага етди.

Кучли учликни HTC U11 якунлаб берди, у хитойлик рақибидан атиги 11 дақиқа орқада қолди. Дарвоқе, рақобатчиларидан фарқли равишда, тайванлик «баҳодир»нинг дисплейи Quad HD эканини ҳам ҳисобга олсак, бу жуда яхши кўрсаткич.

Мана, натижаларга ўзингиз бир қаранг-да:

Тестнинг иккинчи босқичи – аккумуляторнинг қанча вақтда тўла қувватланиб улгуриши синови эди. Буни қарангки, биринчи босқичда ғолибликни қўлга киритган iPhone 8 Plus бу борада энг охирги ўринни эгаллади. Уни тезкор қувватлаш учун аксессуарларни Apple алоҳида сотишни маъқул кўргани учун, қурилмани тестда стандарт қувватлагич ёрдамида тўлдиришди. Бу жараён салкам уч соат вақтни олди!

Батареянинг тез тўлиши борасида LG G6 модели етакчиликни ўз қўлига олди. Ўз жамланмасидаги қувватлаш қурилмаси орқали унинг аккумулятори 0 дан бошлаб 100 фоизгача тўлиши учун 97 дақиқа вақт сарфланди. Иккинчи ўринни, батареясининг сиғими 3000 мА/соат бўлишига қарамасдан, HTC U11 эгаллади – 98 дақиқа. Учинчи ўрин эса Жанубий Кореялик гигантнинг Galaxy S8 моделига насиб этди – 102 дақиқа.

Мана, флагманларнинг бу кўрсаткич бўйича натижаларига ўзингиз баҳо беринг:

 

Хўш, ўзингизга қолса, қай бирини танлаган бўлардингиз?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!