Барча МДҲ мамлакатларида Zoom видеоалоқасидан фойдаланиш чекланди!

  •   DiMaX
  •  486
  •  07.04.2021 13:00

Барча МДҲ мамлакатларида Zoom видеоалоқасидан фойдаланиш чекланди!

Американинг Zoom Video Communications компанияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг давлат тассаруфидаги компания ва ташкилотларига ўз хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини сотишни тақиқлади. Бу тўғрида бир қатор манбаларга таяниб Daryo нашри ёзмоқда.

ЎҚИНГ: Zoom тарихдаги барча рекордларни «синдириб», биринчи ўринга чиқиб олди!

«Коммерсантъ» нашри Zoom’нинг Россиядаги дистрибютори – RightConf компанияси хатига асосланиб тақиқ ҳақида хабар берди. Компания бош директори Андрей Петренко ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади.

Петренконинг сўзларига кўра, тақиқ нафақат Россия давлат муассасаларига, балки МДҲ мамлакатларининг давлат секторига ҳам тегишли. Шу тарзда, университетлар, давлат компаниялари ва давлат идоралари Zoom корпоратив алоқаларидан фойдалана олмайди, уларнинг видеоконференциялари стандарт 40 дақиқа билан чекланади.

«Энди биз кейинги ҳаракатларнинг тафсилотларини аниқлаймиз, мен компаниянинг давлат сектори учун алоҳида маҳсулот ишлаб чиқаришини истисно қилмайман», – деди Петренко. Шунингдек, у амалдаги шартномалар бўйича ишлар давом этишини қўшимча қилди.

Zoom Video Communications’нинг АҚШдаги бош офиси Россиянинг давлат компаниялари ва муассасалари видео хизматлардан узилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг текширувни бошлади.

«Бу хабарлар шериклик савдо агентликларидан бирининг ҳисоботига асослангани кўриниб турибди», – дея уларни тасдиқлади Zoom вакили.

ЎҚИНГ: Диний сабоқ ўртасида порно-ролик намойиш этилгани учун Zoom’ни судга беришди

«Интерфакс» хабарига кўра, Россия давлат секторининг Zoom’дан узилиши университетлар фаолиятига таъсир қилиши мумкин. Россия Миллий тадқиқот университети олий иқтисодиёт мактаби 7 апрелдан бошлаб дастур хизматларидан фойдалана олмасликларини эълон қилди. Университет бир неча ой давомида RightConf билан лицензияни узайтириш бўйича музокаралар олиб боришга ҳаракат қилиб келган, аммо уринишлар бесамар кетган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Zoom 2020 йилнинг декабрида Москва давлат техника университетига дастурий таъминотини сотишдан бош тортган Microsoft компаниясининг ҳаракатларини такрорламоқда. Россия университетида мудофаа саноатида ишлайдиган мутахассислар тайёрланиши сабабли Microsoft санкциялардан қўрққан эди.

Бундан ташқари, экспертларнинг фикрига кўра, маҳаллий ечимлар (масалан, Yandex) видеоконференцалоқа бозорида Zoom ўрнини босиши мумкин. Март ойи охирида Россия Рақамли саноат вазирлиги раҳбари Мақсут Шадаев Zoom’нинг рус аналоги 2022 йилда тайёр бўлишини айтган эди.

Маълумот учун, Zoom Video Communications видеоалоқа хизмати 2011 йилдан бери ишлаб келмоқда. Коронавирус пандемияси ва ўнлаб ҳукумат муассасаларнинг ўзини ўзи изоляция қилиш чоралари фонида Zoom’нинг обрўси кескин ошди ва миллионлаб фойдаланувчилар ушбу дастурдан фойдаланишни бошлади. Аввалроқ Zoom хизмати хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар бўйича танқидларга учраган эди: фойдаланувчилар ўзларининг маълумотларини Facebook’га ўтказилиши, шахсий алоқа маълумотлари ва видеоларнинг тарқалиши ҳақида шикоят қилган.

ЎҚИНГ: Zoom ишлатасиз-а? NASA ва Илон Маск эса уни тақиқлаган!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!