Барча смартфонлар ва компьютерлар учун Telegram янгиланди – зўр имкониятларни қарши олинг!

  •   DiMaX
  •  2303
  •  06.09.2019 12:28

Барча смартфонлар ва компьютерлар учун Telegram янгиланди – зўр имкониятларни қарши олинг!

Гарчи энди Ўзбекистонда Одноклассники рекорд даражада тез юкланиши айтилаётган бўлса-да, у барибир Telegram ўрнини боса олмайди. Ушбу мессенжер жамоаси Android ҳамда iOS тизимларида қўллашга мўлжалланган клиентларни Telegram 5.11 версиясигача, компьютерларда ишлатиладиган Telegram Desktop дастурини эса 1.8.3 талқинигача янгилади.

ЎҚИНГ: Сохта абитуриентлар расмлари ва маълумотларини ДТМ ўз расмий Telegram-каналида чиқарди!

Янгиланган Telegram иловаларида фойдаланувчилар учун қуйидаги имкониятлар тақдим этилган:

  1. Энди исталган хабарни кейинроқ юбориладиган қилиб режалаштириш мумкин.

Бунинг учун «Отправить» тугмачасини босиб, «Отложенное сообщение» бандини танлайсиз ва унинг автоматик жўнатиладиган вақтини белгилайсиз. Хабарингиз ўша вақтда юборилганидан сўнг сизга бу ҳақда билдиришнома келади.

Ушбу функция фойдаланувчи ўз-ўзига хабар жўнатадиган «Избранное» бўлимида ҳам ишлайди. Натижада сиз у орқали ўзингизга эслатмалар келишини режалаштириб қўя оласиз.

  1. Интерфейс мавзулари яратиб, уларни «булутли» сервисда сақлаш ва бошқаларга улашиш имкони қўшилди.

Энди Telegram’нинг барча иловаларида интерфейс рангини ўзингиз истаганчалик рангларда ўзгартира оласиз. Бундан ташқари, ўзингизга маъқул ранглар ва фонлар ёрдамида ўзингиз интерфейс мавзуси яратиб, кейин уни ҳавола орқали бошқаларга узатишингиз ҳам мумкин.

Бу ўзига хос «булутдаги» мавзу бўлади – агар кейинчалик ўша мавзунинг бирор элементини ўзгартирсангиз, шунгача уни ўрнатиб олган кишиларда ҳам шунақа ўзгариб қолади.

  1. Махфийлик созламалари янада такомиллаштирилди.

Энди телефон рақамингизни ўз телефон контактларига қўшиб қўйганлар сизни Telegram орқали топиш-топмасликларини ўзингиз ҳал қиласиз. Илованинг махфийлик созламаларидаги «Кто может видеть мой номер телефона» бандида «Никто» деб белгиласангиз, янги опция пайдо бўлади – унинг ёрдамида сиз ўзингизнинг телефон рақамингиз шу пайтгача кимларда мавжуд бўлса, ўшаларга ҳам кўринмайдиган қила оласиз. «Кто может найти меня по моему номеру» параметрида «Мои контакты»ни белгилаб қўйсангиз, энди сизнинг рақамингизни ўз телефон контактларига қўшиб қўйган кишилар эмас, балки сиз ўз телефон контактларингизга киритиб қўйган кишиларгина Telegram орқали рақамингизни кўра олади.

  1. Янги анимацияли эмодзилар қўшилган.

Энди мана бу: 😁, 😧, 😡, 💩, 😢, 😮, 😐 смайликларидан бирини юборсангиз, у автоматик тарзда «жонли» – анимацияланган эмодзига айланади. Фақат бунинг учун хабар матнида шу смайликдан бошқа нарса бўлмаслиги, унинг битта ўзини жўнатишингиз керак.

  1. iOS тизими учун чиқарилган Telegram 5.11 иловасига тегишли ўзгаришлар:

Бирор хабарнинг устига бироз вақт босиб турсангиз, iOS 13 услубида ишланган янги меню чиқади. Шунингдек, исталган хабарнинг яхлит ўзини эмас, балки унинг матнидаги керакли қисминигина белгилаб олиш функцияси қўшилган – кейин уни нима қилиш кераклигини ўшанда очиладиган меню орқали танлайсиз.

  1. Telegram Desktop дастуридаги тузатишлар:

«Избранное»да хабарни овозсиз юборадиган «Отправить без звука» банди олиб ташланган. Чатни архивлашда кўринадиган нуқсон – илованинг ўртасига қалқиб чиқувчи билдиришнома ўлчами тўғриланган. Стикерга курсорни олиб борганда унинг санасини кўрсатувчи ёзув хатолиги тўғриланган.

Юқоридаги ўзгаришлардан Telegram дастурингизни янгилаганингиздан кейин баҳраманд бўласиз, фақат апдейт босқичма-босқич тарқатилаётгани саббали, янгиланишларни текшириб туринг – шу кунларда келиб қолади.

ЎҚИНГ: Telegram дастурчилари Xiaomi ва Huawei смартфонлари эгаларига зўр маслаҳат беришди

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.