Барча хизматлар учун ягона электрон рақамли имзо ишлаб чиқилади

  •   DiMaX
  •  475
  •  10.01.2020 16:18

Барча хизматлар учун ягона электрон рақамли имзо ишлаб чиқилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 январь куни давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу тўғрида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Ягона қисқа рақам тизими жорий этилади: 112 қисқа рақами ҳақида эшитдингизми?

Мазкур йиғилишда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига барча идораларнинг давлат хизматлари билан боғлиқ ахборот тизимлари ва маълумотлар базасини яратиш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Электрон давлат хизматларидан фойдаланувчилар сонини йил якунигача камида 5 бараварга ошириш, 2025 йилгача тўлиқ электрон хизмат кўрсатишга ўтиш мақсад қилиб қўйилди.

Аҳолининг 75 фоизи интернетга мобил қурилмалар орқали кираётганини инобатга олиб, Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил версиясини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди. Узоқ ҳудудларда яшайдиган аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида давлат хизматлари марказининг 50 дан ортиқ филиалини ташкил этишни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Хорижий тажрибани қўллаган ҳолда, одамларга бир мурожаат асосида қўшимча комплекс хизматлар кўрсатиш ҳамда фуқаронинг мурожаатисиз ҳам унга керакли хизмат турларини таклиф қилиш мумкинлиги қайд этилди.

Мисол учун, фарзанд туғилиши билан унга туғилганликни қайд этиш, нафақа белгилаш, яшаш жойига рўйхатга ва тиббиёт муассасасига ҳисобга қўйиш, болалар боғчасига навбат каби хизматлар бирйўла тақдим этилса, ота-оналарга ғоят қулай бўлади.

ЎҚИНГ: Нега Ўзбекистонда электрон ҳукумат тўлиқ ишга туширилмаяпти?

Йиғилишда ушбу тизимни эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида, кейинчалик бошқа ҳудудларда босқичма-босқич жорий этиш юзасидан топшириқ берилди.

Президентимиз кўплаб хизматлар учун электрон рақамли имзо талаб қилиниши одамларга қийинчилик туғдираётгани, айниқса, бу тадбиркорларнинг энг оғриқли нуқтаси эканини таъкидлади.

Электрон рақамли имзодан компьютер орқалигина фойдаланиш мумкин. Тадбиркор рўйхатдан ўтиш учун солиқ идораси калити, божхона ҳужжатлари учун божхона калити ва ҳисоб рақами билан ишлаш учун банкнинг электрон рақамли имзосини олиши шарт. Бу калитларни олиш учун ҳар бир идорага алоҳида-алоҳида бориб, уни харид қилиши, тағин муайян муддатда яна маблағ сарфлаб янгилаши керак.

Президентимиз томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига мутасадди ташкилотлар билан биргаликда электрон рақамли имзо талаб этиладиган хизмат турлари учун шахсни тасдиқлашнинг муқобил, хавфсиз ва содда усулларини жорий қилиш вазифаси қўйилди. Шу йил 1 июлгача ҳамма хизматлар учун ягона бўлган электрон рақамли имзо ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди, дейилади хабарда.

ЎҚИНГ: Илк бор интернет орқали уйни ўғирлашди – электрон рақамли имзо ёрдамида!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.