Барчанинг ақл-ҳушини ўғирлаган Pokemon GO қанақа ўйин?

Барчанинг ақл-ҳушини ўғирлаган Pokemon GO қанақа ўйин?

Шу йилнинг 6 июнида японларнинг Nintendo компанияси Pokemon GO ўйинини омма эътиборига ҳавола қилди. Бир ярим ҳафта ўтар-ўтмас компаниянинг қимматли қоғозлари нархи 1,5 баробарга ортиб кетди. Дунё эса бир зумда Покемон Го васвасасига учради. Ҳозирда, АҚШ ва Европадан тортиб Хитой ва Россия аҳолисигача покемончига айланди. Боснияда ашаддий ўйинчилар покемон қидириб уруш даврида миналанган бинога кириб кетди, ҳаттоки, сурияликлар “покемон”га касал бўлди.

  1. Бу қандай ўйин?

Nintendo компанияси томонидан ишланган ўйинни Android ва iOS тизимли смартфон ва планшетларда ўйнаш мумкин. Ўйинчи кўчалар ва ташкилотларда, хиёбонларда покемон тутади.

  1. Ўйнаш тартиби қандай?

Жуда оддий: покемонларни тутасиз ва машқ қилдирасиз. Ўйинчи смартфонининг камераси орқали атрофга қарайди, ўйин дастури эса манзарага виртуал объектларни жойлайди.

Покемонлар манзаранинг қаерида пайдо бўлиши дастурчи тузган мезонларгагина боғлиқдир. Покестоп бу покемонни тутиш учун соққа ва бошқа фойдали буюмлар олинадиган жой. Маълум даражага эришгандан кейин покемонларни махсус майдончаларда машқ қилдирилади.

Ётиб олиб бамайлихотир ўйнай олмайсиз. Тунда арвоҳ покемон, истироҳат боғларида ўрмон покемонлари, сув ҳавзалари бўйида сув покемонларини учратасиз.

  1. Ўйиннинг завқи нимада?

Покемон тутиб ва уларни машқ қилдириб, шунингдек, бошқа ўйинчилар билан ҳамиша мулоқотда бўлиб, вақтни чоғ ўтказасиз. Айтганча, покемон тутиш осон иш эмас. Ҳозирча, кўплар 150тачасини тутишмоқда, ўйин дастурида эса 751та покемон бор.

  1. Покемон қандай тутилади?

Покемонни учратганингиз заҳоти камерани унга тўғрилаб қизил-оқ соққа билан нишонга оласиз. Адашсангиз, қочиб кетади. Бошқа ўйинчилар билан рақобатга киришиш имкони йўқ, аммо бешинчи даражага етишгандан сўнг покемонларни махсус майдончада машқ қилдирса бўлади.

  1. Ўйин ҳақиқатан дунёга машҳурми?

Машҳур бўлганда-чи? Ўн куннинг нари-берисида Nintendoнинг қимматбаҳо қоғозлари нархи бир ярим баробарга ошгани сизга буни англатмаяптими? Юз минглаб одамлар кунига 45 дақиқа вақтини ўйинга сарфлайди. Покемон тутиш ашёлари савдосидан Nintendo бир суткада 1,5 млн доллар ишламоқда.

  1. Pokemon GO муваффақиятининг сири нимада?

Аввало, Pokemon GO дангасаларнинг эмас ҳаракатчанларнинг ўйинидир. Ҳа, покемонларни тутиш учун жисмоний ҳаракатланиш талаб этилади, экранга тикилиб ўтирмайсиз. Иккинчидан эса ўйин шунчалик машҳурлигига қарамасдан, бепулдир. Зарурий ашёлар покестопда пайдо бўлади. Уларга тезроқ эга бўлишни истасангиз, харид қиласиз, вассалом.

  1. Қаердан юклаб олай?

Шошманг. Google Playда қалбаки версиялари бор, ундан эҳтиёт бўлинг. Аллақачон, Pokemon Go Ultimate дастурини 50 мингдан ортиқ эътиборсиз фойдаланувчилар юклаб олишди ва экранни тўсиб қўювчи, беҳаё сайтларга йўналтирувчи ҳолатлар кузатилди.

Юклаб олинг: iOS учун, Android учун

  1. Покемон ўзи нима?

Покемон ғаройиб қобилиятга эга юмалоққина кичик махлуқчадир. Уни 1997 йилда Nintendo компанияси ўйлаб топган ҳамда у ҳақда кўп қисмдан иборат ўйин ва мультфильмлар чиқарган.

  1. Покемонларнинг виртуал оламида нима бор?

Покемонларнинг виртуал дунёси юзлаб турдаги махлуқчалари билан, уларни тутувчи ва машқ қилдирувчи мураббийлари билан бизникидан фарқланади. Улар ўз покемонларини бошқа мураббийнинг покемонларига қарши қўйишади. Асосий мақсад барча покемонларни тўплаш ёки энг яхши мураббийлик мақомига эришишдир.

Покемонлар ҳақидаги ҳикоямизни якунлаймиз. Дарвоқе, мақолани тайёрлаш жараёнида америкаликлар покемон қидириб истироҳат боғига ёпирилишгани ва йўлдаги ҳаракатни тўхтатиб қўйишган ҳақида хабар топдик. Томоша қилинг.

Саудия Арабистони Уламолар кенгаши Pokemon ўйини хусусида қатъий фикр билдирди. Покемон масаласини Россия Думаси депутатлари ҳам муҳокама қилмоқда.

Шунга қарамай, Pokemon GO дунё бўйлаб шиддат билан тарқалишда давом этмоқда. Тошкент кўчаларида покемон қидириб юрганларни учратиш ноёб ҳол бўлмай қолди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!