Барчасига коронавирус айбдор – MWC 2020 ҳам бекор қилинди!

  •   DiMaX
  •  560
  •  13.02.2020 11:44

Барчасига коронавирус айбдор – MWC 2020 ҳам бекор қилинди!

Технологиялар оламининг энг йирик тадбири – Mobile World Congress кўргазма-конференцияси бу йил ўтказилмайдиган бўлди. GSMA ташкилотининг расмий хабарига кўра, бу бир қанча мамлакатларда тарқалиб улгурган коронавирус билан боғлиқ.

ЎҚИНГ: Хитойда коронавирус эпидемиясининг илк фойдаси намоён бўлди!

Тадбир ташкилотчилари бир қатор эҳтиёткорлик чораларини режалаштиришган эди: Хитойнинг коронавирус тарқалиши бошланган Хубэй провинциясидан ташриф буюрувчиларни кўргазмага қатъиян киритмаслик, Хитойдан келганларига эса тадбир бошланишидан камида икки ҳафта олдин мамлакатдан ташқарида бўлганликларини исботлаш талаби қўйилиши, ҳар бир маърузачининг чиқишидан олдин микрофонни алмаштириш... Шунга қарамасдан, конгресс раҳбарияти барибир мисли кўрилмаган чора қўллашга мажбур бўлди ва Mobile World Congress 2020 тадбирини бекор қилди.

Матбуотга берган баёнотида GSMA бош директори Жон Хоффман таъкидлашича, коронавирус тарқалиши тадбирнинг ўтказилишини «имконсиз» қилган. MWC 2020 маросими Барселонада, 24-дан то 27-февралгача ўтказилиши ҳамда унда кўплаб компаниялар ўзларининг янги ишланмаларини намойиш этишлари режалаштирилган эди.

Куни кеча, Sony компаниясидан ўрнак олиб Amazon, LG Electronics, Ericsson ва Nvidia, шунингдек Япониянинг энг йирик NTT Docomo уяли алоқа оператори MWC тадбирида иштирок этишдан бош тортишган эди.

Эслатиб ўтамиз, Mobile World Congress – технологиялар соҳасининг энг йирик тадбири бўлиб, ўтган йили унга юз минг нафардан ортиқ меҳмон ташриф буюрган, кўргазма иштирокчилари сони эса 2400 нафардан ошиқ эди.

ЎҚИНГ: Олимлар коронавирус юққан смартфонни дезинфекциялаш йўлларини айтишди!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.