Барселонада Жаҳон мобиль конгресси-2016 иш бошлади

Барселонада Жаҳон мобиль конгресси-2016 иш бошлади

22 – 25 февралда Испаниянинг Барселона шаҳрида Mobile World Congress (MWC) 2016 – ахборот технологиялари соҳаси ва ҳукуматлар вакиллари, мобиль қурилмалар ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчилар иштирокидаги навбатдаги мобиль технологиялар ва ечимларга бағишланган Жаҳон мобиль конгресси бўлиб ўтмоқда.

Жадал ривожланиб бораётган янг технологиялар, хизмат кўрсатишнинг янги турлари инсонлар турмуш тарзи ва касбий фаолиятига сезиларни таъсир ўтказмоқда. Мазкур конгресс ушбу жараёнларнинг маркази бўлиб, шу кунлари ҳукуматлар ва саноат вакиллари кейинги ривожланиш босқичлари юзасидан фикр алмашадилар.

Ушбу анжуман GSMA – 220 давлатдан 800 та мобиль операторларни атрофида бирлаштирган GSM ассоциацияси бошчилигида ўтказилади. “Мобиль алоқа ҳамма нарсани англатади” шиори остида ўтаётган конгресс мобайнида иштирок этувчилар қуйидаги тадбир ва анжуманларнинг гувоҳи бўлишади.

Кўргазма. 2.100 нафар компаниялар смартфон, гаджет ва янги тизимлар, иловалар, телекоммуникация ва медиа технологиялари, мобиль алоқанинг энг сўнгги намойишлари билан қатнашадилар. Кўргазма майдони 2000 квадрат метр.

Конференция. 4 кун мобайнида давом этадиган 140 дан ошиқ сессияларда 300 дан зиёд маъруза ва тақдимотлар тингланади. Жорий йилда BuzzFeed, Ericsson, PayPal, UNICEF, GSMA каби муассасалар маърузаларида 5G/LTE,  “буюмлар интернети” (Internet of Things ёки IoT), алоқа ва маълумотлар хавфсизлиги, интернетда муаллифлик ҳуқуқи, мобиль тижорат каби мавзуларига тўхталиб ўтадилар.

Саммит. Жаҳон мобиль саммити 400 нафар ҳукумат ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг йирик вакилларини тўплаб, мобиль технологияларнинг жамиятнинг, бизнес ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига таъсири юзасидан муҳокамаларга чорлайди.

4YFN (4 Years From Now) тақдимотлари. 4 йилдан буён ўтказиб келинаётган энг яхши мобиль ишланмалар ғоя ва таклифлардан иборат стартаплар илгари суриладиган, ишлаб чиқарувчи, муаллиф ва инвесторлар ўртасидаги мулоқот.

Global Mobile Awards мукофотини топшириш маросими. Бу йил мукофот “Энг яхши мобиль хизматлар”, “Энг яхши мобиль иловалар”, “Энг яхши мобиль технология”, “Энг яхши мобиль қурилма” ва бошқа йўналишларда эгаларига топширилади.

MWC Tours. Мобиль алоқанинг сўнгги технологияларига бағишлаб ўтказиладиган экскурсиялар. Бу йил ҳам “Иловалар сайёраси”, “5G” алоқа тармоғи”, “Буюмлар интернети” каби парк ва экспозициялар тайёрлаб қўйилган.

MWC 2016 100 000 кв. метр бўлган йирик Fira Gran Via мажмуасида бўлиб ўтади.

21 февраль куни ўтган тақдимотлар:

Mobile World Congress: Бир неча дақиқа илгари Барселонада LG G5 тақдимоти бўлиб ўтди.

Mobile World Congress: LG G5 ва унинг ажралмас дўстлари. Тақдимотдаги янгиликлардан.

Жаҳон мобиль конгресси: Samsung Galaxy S7’нинг тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!