БАТАФСИЛ ҚЎЛЛАНМА: Янгича – 9 хонали тизимда телефон рақамининг кодини қандай аниқлаймиз?

  •   DiMaX
  •  6336
  •  10.09.2018 13:30

БАТАФСИЛ ҚЎЛЛАНМА: Янгича – 9 хонали тизимда телефон рақамининг кодини қандай аниқлаймиз?

Хабарингиз бор – 10 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда уяли алоқа операторлари ва шаҳар рақамларини 9 хонали териш тартиби жорий қилинди. Энди бирор рақамга қўнғироқ қилишда унинг рақамини 7 хонали эмас, балки ундан олдинги икки хонали кодини ҳам қўшган ҳолда, 9 хонали қилиб терасиз.

ЎҚИНГ: ДИҚҚАТ! Телефон рақамларимиз 9 рақамли бўляпти

Тўғри, ҳозирги кунда аксарият таниш-билишларимизнинг телефон рақамларини ўз телефонимизнинг хотирасида, тўлиқ халқаро кодли шаклда сақлаб қўймоқдамиз. Лекин турли сабабларга кўра бировларнинг рақамини кодсиз – 7 хонали рақам тарзида сақлаб қўйган бўлишингиз мумкин. Агар телефонингиздаги рақамлар кодсиз сақланган бўлса, уларнинг кодини аниқлаш ва тўлиқ коди билан сақлаб қўйишнинг яхши усулини тавсия этмоқчимиз.

Бунда сизга Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика марказининг расмий Telegram-боти кўмакка келади. Унинг никнейми @uztbmbot, манзили эса – https://t.me/uztbmbot. Шу ботга уланиб, қайси префикс қайси мобил оператор ва вилоятга тегишли эканлигини билиб олишингиз мумкин.

Дейлик, танишингизнинг «397» билан бошланувчи телефон рақамини кодсиз ёзиб қўйгансиз ва ҳамиша шу шаклда – 7 хонали рақам тарзида териб боғланиб келгансиз. @uztbmbot’га уланиб, тилни танлаганингиздан сўнг чатда унинг функциялари ёзилган меню тугмачалари чиқади. Энг биринчи қатордаги «Телефон рақам орқали уяли алоқа операторини аниқлаш»ни босасиз ва бот сизга мана бу жавобни юборади: «7 та белгидан иборат телефон рақамини ёки бошидаги 3 рақамни киритинг, мисол учун: 1234567 ёки 123, Текширув Ўзбекистон Республикасидаги уяли телефон рақамлари орқали амалга оширилади.»

Энди унга «397» рақамини ёзиб жўнатасиз. Мана, келган жавобга қараймиз:

Кўриб турибсизки, «397» билан бошланувчи телефон рақами нақ олтита ҳудуддан бирига тегишли бўлиши мумкин экан! Лекин, бот жавобининг сўнгида таъкидланганидек, юлдузча (*) билан кўрсатилган рақамларга қўнғироқ қилиш фақат код орқали амалга оширилади. Сиз эса шу пайтгача бу танишингизнинг рақамини ҳамиша кодсиз териб боғлана олгансиз, демак, юлдузча билан кўрсатилган учта вариантдан воз кечамиз.

Энди учта вариант қолди ва танишингизнинг телефон рақами шулардан аниқ биттасига тегишли. Бунга аниқлик киритиш учун энди ўша танишингиз рақамни қаердан олган бўлиши мумкинлигига, ёки яхшироқ усули – сиз ўзингиз айнан қаердан туриб унга кодсиз териб туша олганингизга эътибор қаратасиз. Шунга кўра, у Самарқанд вилоятида бўлса – 97 кодли UMS абоненти, Тошкент шаҳрида бўлса – 93 кодли Ucell абоненти, Фарғона вилоятида бўлса – 91 кодли Beeline абоненти эканини аниқлайсиз.

Кодини аниқлагач, танишингизнинг телефон рақамини +998 9Х 397XXXX тарзида сақлаб қўйишни эсдан чиқарманг!

ЎҚИНГ: Мобил операторлар биздан нимани яширмоқда?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!