Батареяларнинг портлаши: сабаб ва оқибатлари, ҳимояланиш усуллари

  •   DiMaX
  •  1616
  •  05.04.2017 17:06

Батареяларнинг портлаши: сабаб ва оқибатлари, ҳимояланиш усуллари

Ёниб ёки портлаб кетувчи аккумуляторлар – мобиль қурилмалар фойдаланувчиларининг хавфсирашига сабаб бўлувчи асосий омиллардан биридир. Бу бежиз эмас, албатта – кейинги пайтларда шунақа салбий ҳолатлар учраб турибди. Шу боис бугун сизларга бу борада керакли маълумотларни етказиб, зарурий тавсияларни беришга қарор қилдик.

Портлашлар тарихидан

Гарчи бу борада энг шов-шувли воқеалар Galaxy Note 7 ҳамда айрим Apple маҳсулотлари билан боғлиқ бўлса-да, бунгача ҳам батареяларнинг портлаши ҳоллари учраган. Тағин, фақат смартфон ва планшетларда эмас, балки ҳар хил турдаги қурилмаларда.

Масалан, 2006 йили ноутбук ишлаб чиқарувчи кўплаб йирик компаниялар, жумладан – Apple, Dell, Lenovo, Fujitsu, Hitachi, Sharp ва Sony ўзларининг минглаб, ҳатто юз минглаб маҳсулотларини бозордан қайтариб ола бошлаганлар. Сабаби битта – ҳар хил моделдаги ноутбукларга ўрнатилган Sony аккумуляторларидаги дефект. У сабабли кўплаб гаджетлар портлаб кетган.

2009 йили эса бир нечта iPhone ва iPod Touch қурилмалари умуман тушунарсиз сабабларга кўра ёниб кета бошлаганида, яна батареяларнинг хавфлилиги масаласи кун тартибига кўтарилди.

Бунақа муаммоларга бошқа девайслар соҳиблари ҳам дуч келишган. Аккумуляторларнинг аланга олиб ёки портлаб кетиши Samsung Galaxy S II смартфонларида, Apple PowerBook ноутбукларида ва ҳатто тугмачали Nokia 8210 телефонларида ҳам қайд этилган.

Батареяларнинг портлаши ҳақидаги хабарлар тобора кўпая борди, хусусан, ўтган 2016 йили бу борада жуда кўп ҳолатларга дуч келинди. Январь ойида Sony Xperia T3, февралда Lenovo A6000, март ойида – iPhone 6, апрелда бўлса LG Optimus F6 портлаб кетган. Июнда Samsung GALAXY S5, кейинги ойда Xiaomi смартфони, августда – iPhone 6 айни шу – аккумулятор носозлиги сабабли ёниб кетган. Сентябрь эса Galaxy Note 7 смартфонларининг кўп сонли портлашларига бой тарзда ўтди, октябрда бўлса қувватлантиришга қўйилган iPhone 7 сабабли машина ёниб кетди. Ноябрда АҚШдаги уйлардан бирида гироскутер портлаши бир миллион долларлик моддий зарар келтирди.

Мана, 2017 йил ҳам портлашлардан холи кечмаяпти. Январда HP 100 мингта ноутбукини батареядаги ишкал сабабли қайтариб олишини маълум қилди. Февралда эса, худди шу сабабларга кўра, Apple 88 минг дона iPhone 6S смартфонларини қайтариб олишга мажбур бўлди. Мартда эса умуман кутилмаган ҳодиса юз берди – самолёт бортида йўловчи аёлнинг қулоғидаги симсиз қулоқчин ёниб кетди!

Кўриб чиққанимиздек, батареяларнинг ёниб/портлаб кетиши хавфи фақат смартфон ва ноутбукларгагина тегишли эмас экан. Литийли аккумулятор ўрнатилган бошқа тур девайслар ҳам шундай ҳолга тушиши мумкинлиги ойдинлашди. Демак, ҳақли саволга етиб келдик:

Аккумуляторлар нега портлайди?

Физика ва химия нуқтаи назаридан литийли аккумуляторлар портлашининг асосий сабаби битта – катод ва анод орасидаги қисқа туташув. Агар шу юзага келса, ток кучининг бирданига ортиб кетиши батареяни қиздира бошлайди. Ҳарорат цельсий шкаласи бўйича 70-90 даражага етганида, эриган литий электролит билан алоқага киришади. Бунда портлаш хавфи мавжуд бўлган модда ажралиб чиқади, аммо орага кислород аралашмагунча бу юзага келмайди. Айни мана шу паллада энг яхши ечим – аккумулятор корпусини имкон қадар тезроқ синдириш. Тўғри, бунда ҳам батареяни ёнишдан сақлаб қолиш имкони йўқ, аммо портлаш юзага келмайди.

Аммо, агарда батарея мустаҳкам бўлса, ҳарорат тезда 200 даражагача кўтарилади ва катод материали парчаланиб, ўзидан кислород ажратиб чиқара бошлайди. Мазкур жараённи эса электролитнинг шундай ҳароратда бошланадиган термик эриши янада тезлаштиради. Айнан углеводородларнинг, кислород кўринишидаги оксидловчи модданинг мавжудлиги ва юқори ҳарорат – портлаш учун энг қулай шароитдир. Аппаратнинг тузилишидан келиб чиқиб, мазкур портлаш ё батарея ўрнашган бўлма қопқоғини отиб юборади, ё қурилманинг ўзини парча-парча қилиб ташлайди. Иккинчи ҳолат кўпроқ жиддий талофатларга ва жароҳатларга олиб келиши эҳтимоли катта, албатта. Энг ёмон оқибат – аккумулятор ичидаги ҳарорат 660-900 даражагача кўтарилиб, графит ва эриган алюминий ҳам қолган электролит билан реакцияга киришувидир.

Қисқа туташувнинг сабаблари

Биринчи сабаб – аккумуляторга механик босим таъсир этиши. Смартфон қаттиқ жойга урилганида батарея ҳам сиқилиб, анод ва катод ўзаро тегиниб кетиши мумкин, бу эса юқорида санаб ўтилган қайтмас реакциялар занжирини ишга тушириб юборади. Samsung Galaxy Note 7 батареяларининг ёниб кетишига айнан мана шу омил сабабчи бўлган: юпқа корпус аккумуляторни жуда қаттиқ сиқиб турган, бу эса баъзи ҳолларда электродларнинг ўзаро контактига олиб келган.

Иккинчи сабаб – батареянинг ҳаддан зиёд қизиши, бу эса оригинал бўлмаган қувватлагичдан фойдаланиш ёки қурилманинг қуёш нурлари тўғридан-тўғри тушиб турган жойда узоқ вақт қолиб кетиши натижасида юзага келади. Баъзан шу икки омил биргаликда келади: айнан шу сабабли ҳам автомобилларда қолдирилган смартфонларнинг ёниб кетиши ҳоллари кўпроқ қайд этилган. Ҳарорат кўтарилганида, физик қонунларга кўра, аккумуляторнинг ички қисмлари кенгаяди, бу эса микроскопик даражадаги қисқа туташувлар тизимини юзага келтиради. Мазкур майда қисқа туташувлар ўзаро қўшилиб кетмасидан аввал муаммонинг каттайишини тўхтатса бўлади – аккумуляторни совитиш керак. Лекин қизиб бораётгани пайқалмаса, батарея ичида юқорида таъкидланган майда муаммолар кенг кўлам олиб, ёниш ёки портлашга олиб келади.

Учинчи сабаб – аккумуляторнинг эскириши ҳисобланади. Бу ҳол ҳар қандай литийли батареяда ҳам юзага келади, аммо биз аксарият ҳолларда аккумулятори яроқсиз ҳолга келмасидан аввалроқ смартфоннинг ўзини алмаштирамиз, шу боис сезмаймиз. Лекин батареялардан нотўғри ёки ҳаддан зиёд кўп фойдаланиш – тезкор қувватлаш, юқори ҳарорат таъсири, қурилмани қаттиқ совуқда ишлатиш кабилар оқибатида ҳам улар тез эскириб қолади. Хуллас, эскириш натижасида аккумулятор ичида дендритлар – металли литийдан иборат бутоқлар ўса бошлайди. Улар аноддан ўсиб чиқади, вақт ўтиши билан узайиб, катодга етиб борса тамом – қисқа туташув юзага келади.

Ҳимояланиш чоралари

Кўпинча интернетдаги мақолаларда, смартфонларнинг батареяларини фақат оригинал қувватлагичлари ёрдамидагина тўлдириш тавсия этилади. Бу ҳақиқат, фақат қисман тўғри. Гаджет жамланмасида келадиган ёки фирма дўконларида сотиладиган қувватлаш блокларидан ташқари, сиз сертификатланган қувватлагичлардан фойдалансангиз ҳам бўлаверади.

Масалан, iPhone учун ишлаб чиқарувчиси бошқа бўлган, аммо Apple компанияси томонидан сертификатланган қувватлаш ускунаси оригиналидан қолишмайди, ҳатто ундан яхши бўлиши ҳам мумкин. Android масаласида эса бошқачароқ – сертификатларни гаджетни ишлаб чиқарувчи эмас, балки қувватлаш технологиясини ишлаб чиқувчи фирма беради. Дейлик, девайсингиз Quick Charge технологиясини қўллаб-қувватлайдиган бўлса, сиз Qualcomm сертификатига эга исталган қувватлаш блокини харид қилаверсангиз бўлади.

Агарда қурилмангиз аккумуляторини оригинал бўлмаган қувватлагичда тўлдиришга мажбур бўлиб қолсангиз, у ҳолда, кучланиш 5 вольтдан, ток кучи эса 1 ампердан ошмайдиган ҳолатда қувватланг. Шунда батареянгизга деярли зиён етмайди.

Гаджетингизни қувватлантираётган пайти унинг устини ёпиб қўйманг ва қуёш нури остида қолдирманг – бу унинг ҳаддан ташқари қизиб кетишига сабаб бўлади. Гарчи шу пайтда ёниб кетмаса-да, барибир бу ҳолат қурилмангизга ва унинг батареясига яхши таъсир этмайди.

Шунингдек, қувват олаётган пайти унда «оғир» ўйинлар ўйнаманг! Бу ҳол қурилманинг икки карра қизишига ва аккумуляторнинг «умри» қисқаришига олиб келади. Аммо батарея тўлиқ пайти қувватлагич симини узмасдан ўйнайвериш мумкин. Эслатиб ўтамиз, бу ерда гап қурилманинг қизишига сабаб бўлувчи, «оғир» дастурлар хусусида кетяпти. Қувват олаётган смартфонда хабарларни ўқиш, оддий ўйинларни ўйнаш эса унақа хавф солмайди.

Ва ниҳоят, фаол спорт турлари билан шуғулланаётган пайтингиз смартфонингиз чўнтагингизда турмасин! Йиқилиб тушганингизда нафақат уни синдириб қўйишингиз, балки батареясининг механик таъсирланиши оқибатида юзага келадиган портлашдан куйиб қолишингиз ҳам ҳеч гапмас. Бу маслаҳатимиз шунга ўхшаш бошқа вазиятларга ҳам тегишли – қурилмани қўлингиздан тушириб юбориш ҳам аккумулятор учун хавфли.

Вақт ўтиши билан батареяларнинг шишиб қолишини сиз ҳам пайқагансиз, албатта. Бунга унинг ичидаги материаллари эскириши ҳамда ичкарисида газ ажралиб чиқиши билан юзага келадиган кимёвий жараёнлар сабаб бўлади. Бу ҳолат ҳам хавфли ҳисобланади, яхшиси, батареяни шишганлиги оддий кўз билан кўринадиган даражагача олиб борманг. Агар қурилмангизнинг аккумулятори олинадиган бўлса, уни олиб стол устига қўйинг ва айлантириб кўринг. Агар ғириллаб айлана олса, демак, батареянгизнинг «қорни» шишган – қаппайиб кетишини кутмасдан, ундан воз кечганингиз маъқул.

Аккумулятор ёнганида нима қилиш керак?

Юқорида кўрсатилган чораларга қарамасдан, батареянинг ўзи брак чиқишидан (худди Galaxy Note 7 воқеаларидаги каби) ҳеч ким ҳимояланган эмас. Шу боис, аккумулятор ёниши ҳолатига дуч келганда кўриладиган чораларни ҳам билиб қўйсангиз, зарар қилмайди.

Биринчи шарт – ўзингизни йўқотиб қўйманг. Агар қувват олаётган пайти смартфон тутай бошласа, биринчи навбатда уни электро тармоғидан узиш керак. Аммо асло смартфоннинг ўзига тегина кўрманг, яхшиси – қувватлагични розеткадан суғуринг. Кейин эса тезлик билан қурилмага тегиниш ҳолатининг олдини олинг. Энг яхшиси – девайснинг устига кастрюл тўнкариб қўйинг. Ё бўлмаса, унинг ўзини симидан ушлаб ёки бирор мослама ёрдамида кўтарганча, сувли челакка солинг

Ёдда тутинг: реакция бошланиб бўлгач, уй шароитида уни тўхтатишнинг умуман имкони йўқ – ё ўзи тўхтайди, ё барибир ёниб кетади. Смартфонингизни энди сақлаб қола олмайсиз, тавсия этилаётган чоралар эса фақатгина салбий оқибатларни камайтиради.

Агарда бу орада қурилманинг ўзини ёки ундан чиқариб олиб батареяни узоқроққа – портласаям ҳеч кимга зарар етказмайдиган чеккароққа ирғитишга улгурадиган бўлсангиз – буни тезроқ қилинг. Лекин барибир бу йўли ҳам хавфли – қўлингиздаёқ портлаб кетиши мумкин. Шу боис ҳам унинг устига зудлик билан ёнмайдиган, қаттиқ бирор идиш тўнкариб қўйиш энг яхши чора. Ҳар ҳолда, бунда портласа ҳам парчаланиб ҳар томонга сочилмайди, бировга жароҳат етказмайди ва ҳамма ёқни ёндириб юбормайди.

Маълумки, тоза литийнинг ўзини сув билан ўчириш мумкин эмас – иккалови ўзаро қўшилиб, портловчи водородни ажратиб чиқаради. Бироқ замонавий аккумуляторларда металли литий қўлланмайди, шу боис улар ёнаётганида сув билан ўчирса ҳам бўлаверади. Лекин қайта тўлдирилмайдиган – бир марталик литийли батареяларда металли литий барибир мавжуд, шунинг учун уларда ёнғин юзага келса, сув теккизмаган маъқул.

Хулоса

Ўзингиз ҳам пайқадингиз – замонавий мобиль қурилмаларнинг энг нозик, алоҳида эътибор талаб этувчи қисми айнан аккумуляторлар ҳисобланади. Шу боис, улардан фойдаланишдаги тавсияларни қисқа тарзда қуйидагича ифодалаймиз. Батареяларнинг механик шикастланишига – сиқилиши ва қаттиқ нарсага урилишига йўл қўйманг; уларни ўта қизиб кетишдан ва қаттиқ совуқдан ҳимояланг; девайсларингизни фақатгина синалган қувватлагичлар орқали қувватланг; қурилмангиз ўчиб қоладиган даражада қувватини тугатиб қўйманг, фақат ойда бир мартагина қувватини тўлиқ тугатиб, то 100% тўлгунича қувватланг.

Мана шуларга амал қилсангиз, қурилмангиз аккумулятори сизга узоқ вақт хавфсиз хизмат қилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!