Apple компанияси янги қулоқчинлар дизайнини яратишда Nothing'дан илҳомланган
Apple эгалик қиладиган Beats компанияси ўзининг янги авлод Studio симсиз қулоқчинини тақдим қилиш арафасида, эди, бироқ Amazon сайтида рўйхатдан ўтган сўнг маҳсулот тақдим қилинишига ҳожат қолмади – Beats Studio Buds+ симсиз қулоқчинлари ҳақидаги барча маълумотлар ошкор бўлди.
Ҳозирда ўчириб юборилган Beats Studio Buds+ симсиз қулоқчинларининг Amazon онлайн дўконидаги саҳифасига кўра, 2021 йилги Studio Buds давомчилари бу сафар кучли ANC (Active Noise Cancellation), яъни шовқинни бекор қилиш хусусиятига эга бўлади. Шунингдек, қулоқчинлар энди 3 карра каттароқ микрофонлар билан жиҳозланган ва уларнинг ҳаво ўтказувчи қувурларида ўзгаришлар бор.
Кейс билан бирга қулоқчинлар батареяси қуввати 36 соатгача етади. Кейс USB-C порти орқали зарядланади. Қулоқчинлар IPХ4 билан сув сачралишига чидамли деб топилган. Қўшимчасига, Buds+ қулоқчинлари "фазовий аудио", қўллардан фойдаланмаган ҳолда Siri ва Apple'нинг Find My функцияларидан фойдаланиш хусусиятларига эга бўлади.
Техник хусусиятлардан ташқари Beats Studio Buds+ "ўзига хос" дизайнга эга ёхуд қулоқчинлар ва уларнинг кейси шаффоф дизайнда бўлиб, улар Nothing Ear симсиз қулоқчинларини эслатиб юборади. Махсус шаффоф кўринишдаги вариантдан ташқари Buds+ қора ва оқ рангларда таклиф қилинади. Маҳсулот нархи ≈170 доллар этиб белгиланган.
Beats Studio Buds+ симсиз қулоқчинлари 18 май куни расман тақдим қилиниши кутилмоқда.