Beeline давлат тилига беписандми?

Beeline давлат тилига беписандми?

Охирги пайтда интернетнинг ўзбек сегментида мобил иловаларнинг кўпайиб бораётгани, табиийки, кишини қувонтиради. Бу, шубҳасиз, 27 миллион сўзловчиси бор она тилимизнинг ўсиб бораётган обрўйидан дарак беради.

Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди. Ушбу иловалар орасида ўзбек тилига беписандликнинг ёрқин намуналари кўриниб турган ҳолатлар ҳам талайгина, афсуски. Бу ерда имло қоидалари ҳақида гап боряпти. Дастур яратувчиларнинг баъзилари ҳозирги ўзбек тилининг имло қоидаларидан етарлича даражада хабардор эмас. Энг ачинарлиси, ушбу мақолада муҳокама қилмоқчи бўлган иловамиз оммабоп ва миллионлаб мижозларга эга Beeline оператори томонидан яратилган Beepul иловасидир.

Тан олиш керак, компаниянинг Beeline Uzbekistan, Beeline TV ва Beeline Music Uzbekistan иловалари каби Beepul иловаси фойдаланувчи учун жуда қулай ва манфаатли. Хусусан, қўшимча бонусларнинг тақдим этилиши абонентларга қулайлик яратади. Бироқ дастурни Google Play Store'дан юклаб, ишга туширишимиз билан анчайин таъбимиз хира бўлди.

Иловани биринчи марта очганингизда тилни танлаш ойнаси пайдо бўлади. У ерда икки: «Русский» ва «Òzbek» тугмалари бор. Афтидан, компаниядагилар (ёки иловани яратган ва компанияга алоқадор мутахассислар) ўзбек тилининг лотин ёзувига асосланган алифбосида «ò» шаклидаги ҳарф мавжуд эмаслигидан бехабар. Бундан ташқари, «ўзбек» эмас, «ўзбекча» бўлиши керак эди.

«Ҳамма ҳам хато қилади», дерсиз. Майли, ўзбек тилини танлаб, кейинги ойнага ўтамиз. Ўзбек тилини танлаган мижозга хизмат шартлари тўлиғича рус тилида берилади. Энг қизиғи, ойна қуйисида «Men roziman» деган ўзбекча тугма бор. Рус тилини билмаган фойдаланувчи ўзи тушунмаган шартларга рози бўлади. Кулгили эмасми!?

Кейинги ойналарда ҳам имловий хатолар кўзга ташланади:
•«Tòlovlarni Beepul ilovasi orqali amalga oshiring»;•«2 ma'rotaba avtorizatsiya sizning ma'lumotlaringizning xavfsizligini ta'minlaydi»;

•«Tòlovlar monitoringi»;
•«Avtotòlovlar xizmati tòlovlarni muntazam ravishda amalga oshiradi».

«2 ma'rotaba» деб бошланган гапда биратўла бирдан ортиқ хатолик бор. Аввало, «marotaba» сўзида тутуқ белгиси (ʼ) бўлмайди, иккинчидан эса, жумла нотўғри қўлланган: «икки босқичли» бўлиши керак эди. Бундан ташқари, «сизнинг маълумотларингизнинг» жумласи ҳам ғализ қўлланган. Шунчаки «маълумотларингиз», деб қўйиш мумкин эди.

Кейинги ойнада эса яна рус ва ўзбек тиллари аралашмасини кўриш мумкин. «На номер +998** *****56 был выслан код подтверждения, введите его для продолжения», гапи рус тилида, қолган жумлалар эса ўзбек тилида. Бизнингча, бу гапни ўзбек тилига таржима қилиш катта машаққат талаб қилмайди: «Тасдиқлаш коди + 998** *****56 рақамига юборилди, давом этиш учун уни киритинг».

Навбатдаги ойна эса тўлалигича рус тилида — биз иловани очишда ўзбек тилини танлаган эдик.

Асосий ойнада ҳам айнан «ò» билан боғлиқ хатолар кузатилади.

Менюда ҳам хатоликлар бор.

Чуқурроқ кириб боришимиз билан яна бир қатор камчиликлар топилиши турган гап. Шу ерда «кавла-кавла»ни тўхтатамиз.

Энди эътиборингизни қонунчиликка қаратмоқчимиз. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни 24-моддасида, жумладан, шундай ёзилган:
«Ўзбекистон Республикасида давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланади. Фуқароларнинг ўзаро муомала, тарбия ва таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар».

Танқид —келажак меваси. Компаниядан ушбу вазиятга тўғрилаш киритишни кутиб қоламиз.

ЎҚИНГ: UzMobile'нинг қўпол, Beeline'нинг таъмагир оператори билан суҳбатлашдик

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!