Beeline мобиль интернет тезлигини ўлчовчи илова яратди

Beeline мобиль интернет тезлигини ўлчовчи илова яратди

Beeline алоқа оператори Google Play онлайн-дўконига Mobile Quality Analyzer (MQA) иловасини жойлаштирди. Андроид операцион тизимида ишлайдиган смартфон эгалари мазкур иловани юклаб олиб, фон режимида интернет тезлигини кузата олади.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи бошларида Beeline кўрсатилаётган хизмат сифатини тармоқда мониторинг қилувчи Mobile Quality Analyzer дастури ишга туширилганини эълон қилган эди. MQA чиқарган ўлчов натижалари ҳисобот, график ва бошқа таҳлиллар учун маълумотлар базасида сақланади.

Илова автоном режимда ишлайди ва абонент ҳисобидан пул ечмайди. Қолаверса, смартфонга MQA иловаси юклангач, 0611га теришга эҳтиёж йўқолади, чунки илова интерфейсида қўнғироқлар марказига аризалар жойлаш ва жавобни қабул қилиш ойнаси бор.

Иловани Google Play интернет-дўконидан бепул юклаб олиш мумкин.