Beeline ТАТУни "энг яхши мингталик"ка чиқариш режасини эълон қилди

Beeline ТАТУни

Аввал хабар берганимиздек, 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтган. Унда 2017 йилда соҳа олдида турган устувор вазифалар ҳамда уларнинг ижроси муҳокама қилинди. Хусусан, мазкур мажлисда кўтарилган АКТ соҳасида таълим жараёнини яхшилаш мавзусида «Unitel» МЧЖ (Beeline савдо белгиси) бош директори Дмитрий Шуков тақдимот қилган.

Beeline раҳбари бугунги АКТ саноати эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда таълимий дастур ва ўқитиш тизимларини ишлаб чиқишнинг аҳамиятини таъкидлаб, «UNITEL» МЧЖ томонидан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида таълим жараёнини қўллаб-қувватлашга бағишланган ҳаракатлар режаси тақдим этган. Унга кўра, қуйидаги мақсадли ҳаракатларни амалга ошириш белгиланган:

- VimpelCom Ltd., холдинг компанияси билан таълим соҳасида, АКТ саноати ва телекоммуникация бозори учун кадрлар тайёрлаш йўналишида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан англашув Меморандумининг лойиҳасини тайёрлаш;    

- Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетини 2021 йилга қадар жаҳоннинг энг илғор университетлари “мингталиги”га киритиш учун хорижий етакчи университетларнинг етакчи экспертларини ТАТУ га жалб қилиш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш;

- амалий дарс машғулотларини ташкил қилишга мўлжалланган инновацион смарт-марказлар ва лабораторияларни яратиш, ёшларнинг стартап-лойиҳаларини амалга ошириш, жаҳоннинг етакчи компанияларидан  IT-экспертларнинг маърузаларини ташкил қилиш.  


Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!