«Бели бақувват» ҳамёнбоп смартфон – Galaxy M31 Prime ҳам расман намойиш қилинди

  •   DiMaX
  •  2985
  •  10.10.2020 15:43

«Бели бақувват» ҳамёнбоп смартфон – Galaxy M31 Prime ҳам расман намойиш қилинди

Samsung компаниясининг Galaxy M31 Prime русумли смартфонининг хусусиятларини куни кеча Amazon India онлайн дўкони сотиб қўйган эди. Энди жанубий кореялик корпорация шу моделининг расмий тақдимотини ўтказди.

ЎҚИНГ: Бор-йўғи 115 долларга 6000 mAh батарея, 7 дюймлик экранли смартфон чиқди!

Samsung Galaxy M31 Prime Edition модели Ҳиндистонда, ҳозирча фақат Amazon онлайн дўконида сотилмоқда. Харид жамланмасига Amazon Prime обунаси ҳам киритилган бўлиб, смартфоннинг 6/64 гигабайтлиги учун 226 АҚШ долларига тенг нарх қўйилган. Amazon сайтида унинг 128 гигабайтлик ички хотирали варианти ҳам чиқиши айтилган, бироқ унинг нархи эълон қилинмаган. Мазкур қурилма 16 октябрдан бошлаб, кўк корпусда сотила бошлайди.

Бошқа хусусиятларига келсак, Galaxy M31 Prime экрани Super AMOLED эканлиги маълум, бироқ ўлчами айтилмаган. Дисплейнинг томчисимон кемтигида 32 мегапикселлик селфи-камера ўрнатилган. Квадрокамера бўлса 64, 8, 5 ва 5 мегапикселлик сенсорлардан иборат. Корпуснинг орқа панелида, тўртбурчак шаклдаги камера блогидан ташқари, бармоқ изи сканери ҳам бор.

Samsung Galaxy M31 Prime аппарат таъминоти асосини Exynos 9611 процессори ташкил қилган. Аккумулятори анча сиғимдор – 6000 мА/соатлик бўлиб, 15 ваттлик технология асосида тезкор қувватланади. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, смартфон автономлиги Wi-Fi орқали 21 соат интернетда кезишга, 26 соат видео кўришга, 48 соатлик сўзлашувга ва видеоқўнғироққа, 119 соат мусиқа тинглашга етади.

Ушбу «бели бақувват» смартфоннинг Ҳиндистондан бошқа мамлакатлар бозорларига чиқиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: Нақ 7000 mAh батареяли Galaxy M51 сотувга чиқди: нарх ва жиҳатлари

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.